Чиқиндилар муаммоси – долзарб масала
Бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, айниқса, маиший чиқиндиларни тўғри бошқариш – йиғиш, саралаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш тизимини такомиллаштириш бу борадаги асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Бухоро вилоятида ташкил этилган жамоатчилик эшитуви айни долзарб масалаларни муҳокама қилишга бағишланди.
Мазкур эшитув “Бухоро вилоятида чиқиндиларни йиғиш, саралаш, олиб чиқиш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш, шунингдек, чиқинди полигонларини рекультивация қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати” мавзусида бўлиб ўтди. Унда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Ўзбекистон Экологик партияси вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Жаҳонгир Шарипов бошчилигида мутасадди ташкилот ва идоралар вакиллари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Унда соҳада амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар очиқ-ойдин кўтарилди. Хусусан, айрим ҳудудларда чиқинди тўплаш шохобчаларининг талаб даражасига жавоб бермаслиги, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқишда камчиликлар мавжудлиги таъкидланди. Бу эса ўз навбатида экологик ҳолатга салбий таъсир кўрсатиб, аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.

Муҳокамалар жараёнида чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш ҳолатларининг олдини олиш масаласи ҳам марказий ўрин эгаллади. Бу борада аҳоли ўртасида экологик маданиятни ошириш, тарғибот ва тушунтириш ишларини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди. Айниқса, партия ташкилотлари ва Экология бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш орқали ижобий натижаларга эришиш мумкинлиги билдирилди.

Мазкур эшитув шуни кўрсатдики, чиқиндиларни бошқариш тизимида муайян ишлар амалга оширилаётган бўлса-да, ҳали ечимини кутаётган қатор муаммолар мавжуд. Энг асосийси, тизимли ёндашув ва барча масъул ташкилотлар ўртасидаги самарали ҳамкорлик етарли даражада таъминланмаган.
Жамоатчилик эшитуви якунида қабул қилинган қарорлар соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, тизимни янада такомиллаштириш ва экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда. Энг муҳими, бу каби очиқ мулоқот майдонлари муаммоларни яширмасдан, уларни биргаликда ҳал этишга замин яратади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.