Чингиз Айтматовнинг сўнгги иқрорлари
Ҳафтанинг ҳар шанба ва якшанба кунлари ЎзАда жаҳон адабиётининг буюк вакили Чингиз Айтматов ва япон мутафаккир-адиби Икэда Дайсакунинг турли мавзулардаги суҳбатини эътиборингизга ҳавола этиб борамиз. Суҳбат Чингиз Айтматовнинг «Буюк руҳ қасидаси» номли китобидан таржима қилинган...
(Давоми. Олдинги қисми 30 июлда эълон қилинган)
Ч.Айтматов: – Шундай. Аммо менга давом эттиришга рухсат беринг: “Бўлган ва бўлмаган тарих – ҳеч қачон туганмас эртакни халқ ёдидан чиқармайди. У ёруғликка йўл кўрсатувчи ришта. Ёки, тўғрироғи, унда инсоният ўхшаши йўқ мамлакат – келажакнинг эшигини очгувчи олтин калит бор. У ҳамиша олдинда.Ҳозир эса, менинг ёш дўстим, сендан ажойиб шоирнинг мана бу сўзларини ўйлаб кўришингни сўрайман: “Дунёда инсоният тафаккури мўъжизасини боши берк кўчага киргизиб қўя оладиган бирор бир мўъжиза йўқ”. Бу Борис Пастернак. Демак, инсон ҳамиша қўл билан яратилмаган дунёнинг яралиш мўъжизасини бошдан кечиришга қодир. Ва у, керак бўлса, минг йилликларга лоқайд кўз билан қарайдиган яратиқлардан каттароқдир. Катталарнинг яхшиси, ажабтовур инсон, ўқитувчи, кўпгина эртаклар ва реалистик йўналишдаги “Агар яна кичкина бўлиб қолсам” китоби муаллифи Януш Корчак ҳам шуни орзу қилмаганмиди? Кичкина бўлиш – Паҳлавонга айланишдир. Ҳазиллашаётганим йўқ. Қўрқинчли куч измида бўлган ва у билан курашаётган болага кимдир муаммосиз ёрдам бера олса, у қўрқмас ва беминнат жўмард кабидир. Ана шундай қилиб у номаълум рақиб билан яккама-якка жангга киришади. Ва қатъий ғалаба қозонади. Нега? Чунки у ўзи учун эмас, хўрланган ва маҳрум қилинганлар бахти учун курашади. Ва бу – боқий эртакларга сўзсиз ишониш – айниқса, бугун аҳамиятли. Фантастик асарлар – ҳаёт метафораси, у кутилмаганда кўз ташлаб, янгича кўришга чорлайди. Бизнинг асримизда метафоралар нафақат илмий-техник ютуқларнинг кечаги фантастикага кириб бориши, балки ҳаммасидан бурун, яшаб турганимиз фантастик дунё бўлгани учун ҳам ниҳоятда зарурдир. Худдики қадим ўтган замонларда эртакни ўйлаб топган одам, бўлган ё бўлмаган келажакни башорат қилгандай ва... у учун ёшларни тайёрлагандай, уларнинг онгги ва юрагини синовдан ўтказиб, ҳозиргилар каби қалтис вазиятларда ҳам титрамайдиган, озгина мардлик ва иродага муҳтож қилиб тарбиялагандай. Эртаклар эскириб, бўлган воқеага айланадими? Шундай жавоб бераман: юлдузлар-чи, эскирадими? Дунё ҳамиша янгиланади – у болалар юрагида янгидан туғилади. Мана, нима учун эртак – ҳаётнинг абадий юраги, гарчанд у – алоҳида тарихий воқеа, инсоният онги тараққиётида алоҳида бир давр бўлса ҳам. Шунинг учун у – такрорланмас, чунки у ўзида “мўъжиза” – биз, турли давр ва халқларнинг беҳуш яшаган ва баъзида уйғонган одамлари ҳақидаги хушбахт хотирани асрайди.Бу нима ҳақида сўзлайди? Биз ҳаммамиз қарашли бўлган ягона инсоният ҳақида. Эртак моҳиятига кўра интернационалдир. Кавказлик шоир бежиз айтмаган: Бир тилда йиғлагай барча одамлар,Ва бир тилда кулишар улар.Хурсандман, менинг ёш дўстим, жаҳон халқларининг кўп эртакларини биринчилардан бўлиб ўқиш арафасида турибсан. Ҳаммаси бир “том” остида йиғилган, улар, ҳамма нарсани четлаб ўтиб, сенга Уйингни ва бир хил ташвиш, орзу-умид билан яшовчи Одамларни севишни ўргатади”.Бемаврид бадиҳагўйлигим учун кечиринг. Аммо болалар китобларининг тақдирига лоқайд қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Болалар китоблари кўзларни очиб юборувчи янгилик кутмоқда...
Икэда: – Аслини олганда, эртак учун чегара йўқ, чунки уларда бутун инсониятни тўлқинлантувчи мавзудан фойдаланилади. Лекин эртак нафақат интернационал, балки космик характерга ҳам эга. Бу фақат юнон мифологиясига хос эмас. Масалан, қадимий япон ривояти “Такэтори моногатари”да малика Кагуя-Химэ ойга қайтиб кетади. Эркин ижод Фазо билан алоқа ўрнатаяпти. Бир машҳур япон олими фикр қилади: физика билан шуғулланиш учун юнон афсоналарини ўқиш керак. Унинг айтишича, юнон афсоналаридаги ўй-хаёл, тасаввур илм-фаннинг ривожланишига имкон туғдирувчи ижод олами билан қариндош. Фантастика оламининг бош қаҳрамонларини болалик идрокини бой бермаган бола – шоирлар яратадилар. “Муз эриса нима бўлади?” деган саволга катталар одатда: “Сув” деб жавоб беришади. Болалар эса: “Баҳор келади”, дейдилар. Болаларнинг жавобида тасаввур бор, шоирлик бор. Унда табиат жонланади, Фазо нафаси сезилади. Боланинг жавоби билан солиштирганда катталарнинг жавоби қанчалар қуруқ ва рангсиз! Бу замонавий одамлар ақл ва илм-фанга берилиб кетиб, қанча кўп нарса йўқотганидан далолат беради.Юқорида таъкидлаганимдек, эртак, афсоналар косметик характер касб этади. Япониядаги шу билан боғлиқ севимли эртаклардан бири Кэндзи Миядзав қаламига мансуб “Сомон Йўлидаги тун”дир. Бу шунчаки болалар эртаги, афсонавий мазмун даъво қилмайди. Унда муаллиф Сомон Йўлига саёҳатга чиққан боланинг руҳий юксалишини кўрсатади. Сомон Йўлининг темир йўли бўйлаб исталган жойга саёҳат қилиш имконини берувчи чипта боланинг қўлига тушиб қолади. Қаердандир овоз келади: “Чиптангни маҳкамроқ тут! Энди сен эртаклардаги темир йўлда эмас, балки катта қадамлар билан аланга оралаб ва чин дунёнинг жўшқин тўлқинлари ичра сайр қиласан...” Бу сўзлар жуда таъсирли янграйди. Улар ҳатто чиройли тасаввур ичидан туриб эътиқодга руҳлантиради. Магнитли компас мили ҳамиша шимолни кўрсатгани каби афсоналар ва болалар эртакларида одамларнинг қалбларини абадий ёритувчи ва боғловчи нур бор.
(Давоми бор)
Рус тилидан ОЙДИННИСО таржимаси