Чет тилини ўрганишни истайсизми?
Вазирлар Маҳкамаси «Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарор қабул қилди. Ушбу қарор мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатишни янада оммалаштиришга, соҳани ривожлантириш учун тизимли ишларни ташкил этиш, улғайиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялашга қаратилган.
Қарорга кўра, Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига 15,0 млрд. сўм миқдордаги маблағ йўналтирилади.
Ушбу маблағлар дунё бўйича самарали натижа берган ўқитиш методикалари, дастур ва дарсликларни мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, олий таълим муассасалари ва ўқув марказларида жорий этиш;
хорижий давлатларда чоп этиладиган замонавий ўқув ва илмий адабиётлар, дарсликлар ҳамда ўқув қўлланмаларни, халқаро тестлар ва уларни жорий қилиш учун тегишли рухсатнома ва лицензиялар, хорижий тилларни ўргатишга қаратилган контентларни муаллифлик ҳуқуқларини харид қилиш;
хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини, дастурий таълимот лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
хорижий тилларни пухта ўзлаштириш, тилнинг асосий кўникмаларини шакллантириш учун видеоролик, ўйин, кўнгилочар кўрсатув, фильмлар ва бошқа ўргатувчи контент яратиш;
фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб этиш каби йўналишларга сарфланади.
Агентлик тегишли ташкилотлар билан биргаликда икки ой муддатда узлуксиз таълим тизимида чет тилини ўқитишнинг ўқув-методик мажмуаларини ўқувчиларнинг асосий тил кўникмаларини (тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш) шакллантириш нуқтаи назаридан тўлиқ қайта кўриб чиқади. Малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда 2022 йил 1 мартдан бошлаб чет тили фани ўқитувчиларининг тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини ривожлантиришга ҳамда сертификатга эга бўлишларига йўналтирилган ўқув курсларини ташкил этади.
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим ташкилотлари учун замонавий тил ўргатиш методикалари асосида ишлаб чиқилган чет тили дарсликларини тўлиқ чоп этиш ва таълим ташкилотларига етказиб беришни йўлга қўяди.
2022/2023 ўқув йили қабулидан бошлаб хорижий тиллар бўйича мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган ўқув юртларига кириш учун чет тилидан касбий ( ижодий) имтиҳон топширилади.
Касбий (ижодий) имтиҳон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади.
ЎзА