Чет элда ишлашни хоҳловчилар энди бевосита маҳалланинг ўзи орқали рўйхатдан ўтади
Президент Шавкат Мирзиёев меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказмоқда.
Хориждаги иш ўринлари ҳақидаги маълумот ҳар бир маҳаллагача етиб бориши керак. Президентимиз ҳар бир буюртма бўйича қайси мамлакатда қандай мутахассисга талаб борлиги, қаерда ўқиш ва қайси тилни билиш зарурлигини аниқ кўрсатиб бериш вазифасини қўйди.
“Маҳалла еттилиги” чет элда ишлаш истагидаги фуқароларга бу имкониятларни тушунтириб, номзодларни “Онлайн маҳалла” платформасига киритади. Ҳокимлар ва масъул ташкилотлар уларни касб ҳамда тилга мақсадли тайёрлаш, кейин эса ишга жойлаштириш учун жавоб беради.
Вилоят ҳокимлари ҳар ойда бир марта, туман ҳокимлари икки марта миграцияга масъуллар ва “еттилик” иштирокида иш натижаларини кўриб чиқади. Ҳар бир номзоднинг тайёргарлиги ва ишга жойлашиши бўйича талабчан назорат ўрнатилади.
Президентимиз таъкидлаганидек, хорижда юқори даромадли иш ўринларини очиш учун иш берувчилар билан келишувнинг ўзи кифоя қилмайди. Ривожланган давлатлар билан фаол иқтисодий дипломатия олиб бориб, квоталар, ишчи визалар ва малакани тан олиш масалаларини изчил ҳал қилиш керак.
ЎзА