Чернобилда хавотирли ёнғин…
Чернобиль атом электр станцияси атрофидаги ёпиқ ҳудудда йирик ўрмон ёнғини юз берди. Украина расмийлари маълумотига кўра, ёнғин дрон қулаши ортидан бошланган ва ҳозиргача минг гектардан ортиқ майдонни қамраб олган.
Фавқулодда вазиятлар хизмати қутқарувчилари олов тарқалишининг олдини олиш чорасини кўряпти. Кучли шамол ва қурғоқчилик вазиятни оғирлаштирмоқда. Айрим ҳудудларда мина хавфи эҳтимоли мавжудлиги ўт ўчириш жараёнини қисман чеклаб қўйган.
Украина томони радиация даражаси ҳозирча “меъёр доирасида” эканини билдирган. Шунга қарамай, Чернобиль ҳудудидаги ҳар қандай ёнғин халқаро хавотир уйғотади, чунки 1986 йилги ядровий фожиадан кейин бу ҳудуд юқори радиация сабаб деярли ташлаб қўйилган.
Киев аввал ҳам Москвани ядровий объектлар хавфсизлигига таҳдид солишда айблаган эди. Ўтган йил Россия дрони Чернобиль реакторини қоплаб турган ҳимоя қурилмаларидан бирига зарар етказгани айтилган. Мутахассислар ёнғин узоқ давом этса, ҳаводаги радиация даражасида ўзгариш кузатилиши мумкинлигидан хавотир оляпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА