“Chelebi textile” хориж бозорларида мустаҳкам ўрин эгалламоқда (+видео)
Ярим тайёр хомашёни қайта ишлаб, тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ҳамда экспорт фаолиятини муваффақиятли йўлга қўйган “Chelebi textile” бугунги кунда Гулистон шаҳрининг йирик саноат корхоналаридан бирига айланди.
Замонавий технологиялар асосида фаолият юритаётган корхонада ишлаб чиқарилаётган экспортбоп трикотаж маҳсулотлари ташқи бозорларда муносиб ўрин эгаллаб, нафақат Сирдарё вилояти, балки мамлакатимиз тўқимачилик саноатининг экспорт салоҳиятини юксалтиришга ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда.
2019 йилда ташкил этилган корхона қисқа вақт ичида юқори ишлаб чиқариш қувватига эга замонавий саноат мажмуасига айланди. Бугунги кунда бу ерда 1100 нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Жамоанинг асосий қисмини хотин-қизлар ташкил этади. Ходимларнинг ойлик иш ҳақи бажараётган иши, малакаси ва меҳнат унумдорлигига қараб 3 миллион сўмдан 15 миллион сўмгача етади.
Корхонада аёллар, эркаклар ва болалар учун турли хил тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Жумладан, футболка, майка, пижама, ички кийимлар, жилет, свитер, пуловер ҳамда бошқа турдаги трикотаж маҳсулотлари тайёрланади. Ишлаб чиқариш жараёни буюртмачилар талабидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилиб, ҳар бир модель буюртмачи компания дизайнерлари томонидан ишлаб чиқилган дизайн ва техник талаблар асосида тайёрланади. Бу эса маҳсулотларнинг халқаро бозор талабларига тўлиқ жавоб беришини таъминламоқда.
Корхона маҳсулотларининг асосий қисми экспортга йўналтирилган бўлиб, унинг энг йирик харидори Россия Федерацияси ҳисобланади. Шунингдек, маҳсулотлар интернет-савдо платформалари орқали ҳам хорижий истеъмолчиларга етказиб берилмоқда. 2025 йил якунлари бўйича қиймати 20 миллион АҚШ долларига тенг тайёр трикотаж маҳсулотлари Россия бозорига экспорт қилинди. Бу эса корхонанинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлиги ва маҳсулотларига бўлган талаб тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Ишлаб чиқаришда асосан маҳаллий хомашёдан фойдаланилади. Хомашёнинг 80–85 фоизи мамлакатимиздаги ишлаб чиқарувчилардан харид қилинса, қолган қисми Хитойдан импорт қилинади. Бу маҳаллий корхоналар билан кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш ва маҳсулот сифати барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
[gallery-30321]
Корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнлари энг сўнгги русумдаги тикув ускуналари ёрдамида амалга оширилмоқда. Замонавий тикув дастгоҳларининг асосий қисми Хитойдан, қолган қисми эса Туркия ва Тайвандан келтирилган бўлиб, юқори унумдорлик ва маҳсулот сифатини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Маҳсулот сифатини янада ошириш ва маҳаллий кадрлар малакасини юксалтириш мақсадида корхонада Туркиядан жалб этилган 8 нафар мутахассис фаолият юритмоқда. Улар ишчи-ходимларга замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш, янги моделларни ишлаб чиқариш, сифат назоратини кучайтириш ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш бўйича амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Сирдарё вилояти Божхона бошқармаси масъуллари ҳам корхонада бўлиб, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун яратилган имкониятлар, экспортда қўлланилаётган божхона режимлари ва уларнинг афзалликлари юзасидан тушунтиришлар ҳамда амалий тавсиялар берди.
— Бугунги кунда корхонамизда асосий эътибор сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмини ошириш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган. Ҳар бир маҳсулот буюртмачи томонидан тақдим этилган дизайн асосида тайёрланади. Замонавий технологиялар, хорижлик мутахассислар тажрибаси ва меҳнаткаш жамоамизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли ташқи бозорларда муносиб ўрин эгаллаб бормоқдамиз. Келгусида ишчи-ходимлар сонини 2 минг нафарга, экспорт ҳажмини эса икки баробарга оширишни режалаштирганмиз, — дейди корхона иш бошқарувчиси Ўткир Нишонов.
— Ўзбекистонда ишлаётганимга ўн йилдан ошди. “Chelebi textile” да эса икки йилдан буён меҳнат қилмоқдаман. Бу ерда маҳаллий мутахассислар меҳнатсевар, масъулиятли ва замонавий технологияларни тез ўзлаштиради. Ишлаб чиқариш жараёнида сифатга юқори талаб қўйилгани маҳсулотларда яққол намоён бўлади. Бу Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг амалий самарасидир, - дейди Туркиялик мутахассис Асия Паракос.
Корхонада ишчи-ходимларнинг самарали меҳнат қилиши учун барча зарур ижтимоий шарт-шароитлар яратилган. Ходимларни ишга олиб келиш ва уйига қайтариш, дам олиш ҳамда меҳнат хавфсизлигини таъминлаш тизими йўлга қўйилган.
— Бу корхонада иш бошлаганимга беш йилдан ошди. Шу вақт мобайнида тажрибали мутахассислардан кўп нарсани ўргандим. Ҳозир буюртмачи дизайнерлари тайёрлаган лойиҳалар асосида матоларни бичиш ва тикиш жараёнига тайёрлаш билан шуғулланаман. Энг муҳими, меҳнат қилиш ва касбий маҳоратини ошириш учун барча шароитлар яратилган, — дейди корхона ишчиси Абдулла Болтаев.
Бугун “Chelebi textile” замонавий технологиялари, экспортбоп маҳсулотлари, юқори малакали мутахассислари ва 1100 нафардан ортиқ иш ўрни билан Сирдарё вилоятининг етакчи саноат корхоналаридан бири сифатида эътироф этилмоқда. Корхона фаолияти маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, экспорт ҳажмини кўпайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда мамлакатимиз тўқимачилик саноатининг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган саноат ва экспорт сиёсати ўзининг амалий натижаларини бераётганининг яна бир ёрқин тасдиғидир.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/xzUHmBgWA0U" title="“CHELEBI TEXTILE” xorij bozorlarida mustahkam o‘rin egallamoqda"" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат, видео) ЎзА