Чекка қишлоқда янги ҚВП иш бошлади
Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги Дурдиёр маҳалласи тумандаги оғир ҳудудлардан ҳисобланади. Айни кунда маҳалладаги 650 хонадонда 3 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Икки ой аввал Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов мазкур маҳаллада бўлиб, маҳалла аҳолиси билан мулоқот ўтказганида, аҳоли тоза ичимлик суви тизимини янгилаш, йўлларни таъмирлаш, газ ва электр таъминотини яхшилаш, маҳаллада мактабгача таълим ташкилоти, қишлоқ врачлик пункти ташкил этиш бўйича ёрдам кўрсатилишини сўраган эди.
Ўтган қисқа давр ичида маҳаллада электр энергияси, сув таъминоти тизимлари янгиланди, йўлсозлар томонидан кенг кўламли ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ана шу ишлар негизида капитал таъмирланган бинода замонавий, барча қулайликларга эга янги қишлоқ врачлик пункти ташкил этилиб, фойдаланишга топширилди.
[gallery-8828]
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Насибулло Мўминов, туман ҳокими Элербек Усмонов, маҳалла аҳли, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида қишлоқ врачлик пунктининг очилиш маросими ўтказилди. Тадбирда халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш, чекка-чекка ҳудудларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва савиясини ошириш, одамларнинг оғирини енгил қилиш, турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Кўркам, барча қулайликларга эга мазкур муассасанинг иш бошлаши билан маҳаллада тиббий хизмат кўрсатиш сифати янада яхшиланди. Янги ҚВП зарур тиббий асбоб-анжомлар, жиҳозлар билан таъминланган. Қолаверса, шифокорларнинг самарали фаолият юритиши, шунингдек, ташриф буюрувчилар учун барча шароитлар яратилган.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА