Чекка қишлоқда замонавий корхона
Фарғона вилоятидаги энг чекка ҳудудларда саноатни ривожлантириш, тўғридан тўғри инвестицияларни жалб этишга муҳим эътибор қаратилмоқда.
Фарғона вилоятидаги энг чекка ҳудудларда саноатни ривожлантириш, тўғридан тўғри инвестицияларни жалб этишга муҳим эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Фарғона туманида жорий йилда 8 та 472 миллиард сўмликдан зиёд инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бунинг натижасида 690 та иш ўрни яратилди. Ҳозирга қадар “Раҳматжон файзи” масъулияти чекланган жамиятининг мактабгача таълим муассасаси ва “Чимён барака маскани” масъулияти чекланган жамияти томонидан эса меҳмонхона хизматини ташкил этиш лойиҳаси ишга туширилди. Шунингдек, Шоҳимардон қишлоғида туризм соҳасида ҳам бир қатор объектлар барпо этиляпти.
“Янги аср” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яқин кунларда йирик истиқболли лойиҳа иш бошлайди. “Ekokerama” масъулияти чекланган жамияти томонидан 6 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилиб, импорт ўрнини босувчи сантехника жиҳозлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Айни кунларда вилоятда пандемия таъсирини юмшатиш, манзилли дастурлардаги лойиҳаларни ўз муддатида ишга тушириш мақсадида барча тадбирлар кўрилмоқда. Яқинда иш бошлайдиган бу корхона водийда ягона ҳисобланади.

– Ҳозирда корхонамизда технологияларни ўрнатиш ва жиҳозлаш ишлари якунланмоқда, – дейди “Ekokerama” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муҳаммадсодиқ Саидумаров. – Бу ерда 180 нафар маҳаллий ёшлар иш билан таъминланади. Ишлаб чиқарилиши кўзда тутилаётган унитаз, раковина, чашаген каби сантехника маҳсулотлари асосан хориждан олиб келинади. Корхонамиз ишга тушгач бунга барҳам берилади.
Сантехника жиҳозларини ишлаб чиқариш мураккаб ва нозик жараёндир. Бунинг учун ўндан ортиқ турдаги хом шаёлардан фойдаланилади. Лой 1 минг 300 ҳароратда пиширилиб, тўлиқ тайёр маҳсулот ҳолда тайёрланади.