Чекка ҳудудда 12 та артезиан қудуғи ва замонавий сув насоси ўрнатилади
Қорақалпоғистон Республикасининг энг чекка ҳудудларидан бири бўлган Қўнғирот туманидаги “Қорақалпоғистон” шаҳарча фуқаролар йиғини аҳолиси учун томорқа ерларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.
Бироқ аҳоли анчадан буён томорқа ерларини суғоришда қийинчиликларга дуч келиб келаётган эди. Нукус шаҳридан 460 километр узоқликда жойлашган ушбу ҳудудда сув таъминоти билан боғлиқ муаммо нафақат хонадонларнинг томорқадан унумли фойдаланишига, балки аҳоли бандлиги ва оилавий даромадларини ошириш имкониятларига ҳам таъсир кўрсатаётган эди.
Айнан шу масала маҳалла аҳолиси билан учрашувлардан бирида кўтарилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулжан Халмуратова сайловчилар билан мулоқот давомида уларнинг томорқа ерларини суғориш учун артезиан қудуғи қазиб бериш бўйича амалий ёрдам сўраган мурожаатини диққат билан тинглади.

Муаммони фақат эшитиш билан чекланиб қолмасдан, депутатнинг аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш орқали масаланинг асл сабаблари ва ечим йўллари ўрганилди. Шундан сўнг тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда мурожаатни ҳал этиш бўйича зарур чоралар кўрилди.
Натижада мазкур масала Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг Қорақалпоғистон бўлими томонидан грант лойиҳасига киритилди. Жорий йилда томорқа ерларини суғориш учун артезиан қудуғи қазиб беришга 200 миллион сўм маблағ ажратиш тасдиқланди. Бу эса аҳоли мурожаатининг амалий натижа билан якунланганини кўрсатади.
Айни пайтда ушбу маблағлар ҳисобидан “Қорақалпоғистон” шаҳарча фуқаролар йиғини маҳалласи аҳолисининг томорқадан самарали фойдаланиши ва бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳа амалга оширилмоқда. Унинг доирасида 36 та хонадон учун 12 та артезиан қудуғи қазилиб, замонавий сув насоси ўрнатилиши кўзда тутилган.
Ҳозирги кунда бу борадаги амалий ишлар жадал давом этмоқда. Бу ташаббуснинг аҳамиятини фақат сув муаммосининг ҳал этилиши билан чеклаб бўлмайди. Чунки томорқа қишлоқ аҳолиси учун қўшимча даромад, оила фаровонлиги ва бандлик манбаи ҳисобланади. Томорқадан унумли фойдаланиш учун зарур шароит яратилса, хонадонларда турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, оилавий даромадни ошириш ва меҳнат билан бандликни таъминлаш имкониятлари кенгаяди.
“Қорақалпоғистон” шаҳарча фуқаролар йиғинида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа эса халқ билан очиқ мулоқот ва амалий ҳамкорлик қандай натижа беришининг яна бир ёрқин намунасидир. Энг чекка ҳудудда яшаётган аҳоли учун яратилаётган бундай имкониятлар хонадонлар фаровонлиги, бандлик ва маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ривожига хизмат қилади.
Бугун ҳудуд аҳолиси учун артезиан қудуғи ва замонавий сув насосларининг ўрнатилиши оддий бир инфратузилма лойиҳасидек кўриниши мумкин. Аммо унинг ортида одамларнинг кундалик ҳаёти, меҳнати, томорқаси ва оилавий даромади мужассам. Шу маънода, ҳар бир ҳал этилган мурожаат инсон манфаати йўлидаги муҳим қадамдир.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири