Чегара божхона постларида автотранспорт воситаларининг ўтиш вақти 72 дақиқадан 28 дақиқага қисқарди
Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда қўмита раҳбарияти, тизим фахрийлари ва божхона ходимлари иштирок этди.
Тадбирда Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов иштирокчиларни юртимизнинг энг улуғ ва энг азиз байрами — Мустақилликнинг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этди.
Таъкидланганидек, истиқлол йилларида мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида кенг кўламли ўзгариш ва янгиланишлар амалга оширилди. Айниқса, сўнгги йилларда иқтисодиётда очиқлик ва рақобат муҳити кучайиб, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб этиш, ташқи савдони ривожлантириш ҳамда давлат хизматларини рақамлаштириш борасида муҳим натижаларга эришилди.

Бу жараёнларда божхона органларининг ўрни ва масъулияти ҳам тобора ортиб бормоқда. Жумладан, 2023–2025 йилларда импорт қилинган товарлар ҳажми 58 фоизга, божхона имтиёзлари 25 фоизга ошганига қарамай, давлат бюджетига 198 триллион сўм божхона тўловлари ундирилди. Бу кўрсаткич аввалги уч йилликка нисбатан 90 фоизга, яъни 94 триллион сўмга кўпдир.
Чегара божхона постларида автотранспорт воситаларининг ўртача ўтиш вақти 72 дақиқадан 28 дақиқага қисқартирилди. Натижада 15 мингдан ортиқ экспортёр ва 30 мингга яқин импортёрнинг вақти ҳамда ортиқча харажатларини тежаш имкони яратилди.

Сўнгги уч йилда товарларни ноқонуний олиб ўтиш билан боғлиқ 94 506 та ҳолат аниқланиб, 2,9 триллион сўмлик товарлар ушлаб қолинди. Шунингдек, 241 миллиард сўмлик заргарлик буюмлари, 158 миллиард сўм эквивалентидаги валюта қимматликлари ҳамда 110 миллиард сўмлик мобил алоқа воситалари аниқланди.
Аҳоли саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 12 тонна гиёҳвандлик моддалари, 1,5 тонна психотроп ва кучли таъсир қилувчи воситалар аниқланди. Шу билан бирга, 216 миллиард сўмлик тамаки маҳсулотлари ва 213 миллиард сўмлик дори воситалари ноқонуний муомаладан чиқарилди.

Божхона тизимида рақамлаштириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида ҳам муҳим натижалар қайд этилмоқда. Сўнгги уч йилда 20 дан ортиқ давлатдан 200 нафардан зиёд вакил ҳамда 15 га яқин халқаро ташкилотнинг 100 дан ортиқ ходими Божхона қўмитасига ташриф буюриб, рақамлаштириш жараёнлари ва «Божхона расмийлаштируви маркази» фаолияти билан танишди.

Жаҳон банкининг 2023 йилги Логистика самарадорлиги индексида Ўзбекистон божхона самарадорлиги субиндекси бўйича 140-ўриндан 74-ўринга кўтарилди. Жаҳон божхона ташкилоти эса 2026 йилда Ўзбекистон божхонасининг рақамлаштириш соҳасидаги ислоҳотларини намунавий тажрибалардан бири сифатида эътироф этди. Шунингдек, Божхона қўмитаси 2023 йилдан буён рақамлаштириш йўналишида 90 дан ортиқ давлат идоралари орасида мунтазам равишда юқори натижаларни қайд этиб, биринчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан қабул қилган фармонига мувофиқ, 9 нафар божхона ходими юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди. Шунингдек, бир гуруҳ божхона фахрийлари ва ходимларига «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони тантанали равишда топширилди. Хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб, юқори натижаларга эришаётган 9 нафар ходимга навбатдаги «полковник» ва «подполковник» махсус унвонлари берилди.

Божхона институтининг ашула ва рақс ансамбли томонидан тайёрланган бадиий дастур барчага кўтаринки кайфият улашди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА