“Чашмаи Аюб” ёдгорлиги қачон таъмирланади?
Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти Вобкент тумани Хайробод қишлоғида жойлашган моддий-маданий мерос объекти саналган “Чашмаи Аюб” ёдгорлигининг таъмирталаб ҳолга келиб қолгани юзасидан тарқалган хабарлар муҳокамаларга сабаб бўлди.
Маданий мерос агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур ёдгорлик “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари Миллий рўйхати”га киритилган. Шунингдек, ушбу тарихий маскан Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ўтказилган ЮНЕСКО Жаҳон мероси қўмитаси 45-сессиясида Буюк ипак йўлининг “Зарафшон-Қорақум” коридори объектлари рўйхатидан жой олган.
Тарихий ёдгорликнинг бутлигини сақлаш ва зарур реставрация ишларини жадаллаштириш мақсадида мазкур ёдгорлик жорий йилда Бухоро вилоятида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб бориладиган маданий мерос объектлари манзилли рўйхатига киритилган бўлиб, айни пайтда реставрация ишларига оид лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш жараёни кетмоқда.
Объектда белгиланган тартибда таъмирлаш-тиклаш ишлари ва ҳудуд атрофини ободонлаштириш ишлари бошлангунга қадар тарихий бинони қор-ёмғир сувларидан асраш мақсадида Вобкент туман ҳокимлиги билан биргаликда бинонинг юқори қисмида енгил конструкцияли муҳофаза қоплама – тунука ўрнатиш мўлжалланган.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “Чашмаи Аюб” ёдгорлигининг бутлигини сақлаш борасида ваколатли ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимлик идоралари томонидан тизимли чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган бўлиб, унинг амалий ижроси устидан тегишли назорат ўрнатилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА