Чанг-газ миқдорини камайтириш зарур
Навоий вилоятида сўнгги 4 йилда саноат корхоналарининг сони, қурилиш ишлари ҳажми икки баробар, транспорт воситалари сони тўрт баробарга ўсган.
Бунинг натижасида чанг-газ миқдори 4-5 баробарга ошган. Яшил ҳудудлар эса йилдан-йилга камаймоқда.
– Саноат корхоналаридаги чанг-газларни тозалаш ускуналари 10-15 йил аввал ўрнатилган бўлиб, улар маънан ва жисмонан эскирган, – дейди Навоий вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўлим бошлиғи Толмас Қувонов. – Ҳозирги кунда фаолият кўрсатаётган йирик саноат корхоналарида мавжуд чанг-газларни тутиб қолиш ускуналарининг самарадорлиги атиги 86 фоизни ташкил қилмоқда. Ваҳоланки, 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Концепциясида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи стационар манбаларда самарадорлиги 99,5 фоиздан паст бўлмаган қурилмалар ўрнатилишини таъминлаш белгиланган.
Навоий вилоятида 2022-2023 йиллар учун тасдиқланган режага мувофиқ 19 та корхонадаги 43 та чанг-газ тозалаш ускуналарини янгидан ўрнатиш ҳамда модернизация қилиш режалаштирилган. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида маҳаллий тарзда ишлаб чиқариш корхоналари томонидан чанг-газ тозалаш ускуналарини янгидан ўрнатиш бўйича бир қатор лойиҳалар амалга оширилди.
Жумладан, Зарафшон шаҳридаги “Сарбон” МЧЖга тегишли асфальт ишлаб чиқариш заводи, Қизилтепа туманидаги “Оқ олтин капитал сервис” МЧЖга тегишли ғишт заводи, Кармана туманидаги “Карим” ХК га тегишли оҳак ишлаб чиқариш заводлари учун маҳаллий тарзда чанг-газ тозалаш ускунасини тайёрловчи ва ўрнатувчи корхона – “Регион Бизнес Навоий” масъулияти чекланган жамияти томонидан чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилди. Шунингдек, Қизилтепа туманидаги “Ҳазрати Амир кулол ёғду” МЧЖ, “Қизилтепа пойдевори” МЧЖ ҳамда “Бунёдкор мададкор қурувчи” МЧЖларга тегишли пишган ғишт ишлаб чиқариш заводлари томонидан имкониятлардан келиб чиққан ҳолда чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилди.
Бундан ташқари, Навоий шаҳридаги “Agro miltech” Кармана туманидаги “Кармана асл дон” МЧЖлар томонидан 2 донадан Туркия давлатининг DEGPA фирмасида ишлаб чиқарилган 95 фоиз самарадорликка эга бўлган ускуналар олиб келиб ўрнатилган.
– Ҳисобот йилида вилоятда атмосфера ҳавосига таъсир кўрсатадиган доимий ва мавсумий таъсирга эга бўлган 823 та корхоналар хатловдан ўтказилди, – дейди Толмас Қувонов. – Уларнинг 206 таси доимий таъсирга эга бўлган корхоналар ҳисобланиб, шундан 46 та чанг-газ тозалаш ускуналари модернизация қилинди ҳамда янгидан ўрнатилди.
Бугунги кунда вилоятда тўғридан-тўғри атмосфера ҳавосига чанг-газлар ташлаб келаётган 36 та корхона иш фаолиятида чанг-газ тозалаш ускуналарисиз ишлаб келмоқда. Бу корхоналар асосан пишган ғишт, оҳак ишлаб чиқариш ҳамда умумий овқатланиш (кабобхона) субъектлари сирасига киради.
Навоий шаҳрида фаолият юритаётган “Гўзал маскан Навоий” МЧЖ га қарашли “Навоий” умумий овқатланиш шохобчаси (кабобхона)га кўмир ёқилғисидан фойдаланиш натижасида атмосфера ҳавосига чиқадиган ифлослантирувчи моддани камайтириш мақсадида биринчилардан бўлиб маҳаллий тарзда чанг-газ тозалаш ускунаси ўрнатилди.
– Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига шаҳардаги “Янгиобод” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаролар ҳудуддаги умумий овқатланиш шохобчалари (кабобхона)дан кўмир ёқилғисини ёққанда ҳосил бўлган ифлослантирувчи моддалар атрофга таралиб, атмосфера ҳавосини бузаётганлиги, бу эса аҳоли саломатлигига зиён келтираётгани сабаб ўз эътирозларини билдиришган, – дейди умумий овқатланиш шохобчаси директори Ғайбулло Эргашев. – Мурожаатни бошқарма мутахассислари билан ҳамкорликда ўрганиб чиқдик ва уларнинг кўмагида чанг-газ тозалаш ускунасини ўрнатдик.
Шунингдек, Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Навоий кончилик институти олимлари ҳамкорлигида Қизилтепа тумани “Оқтош” МФЙ ҳудудида жойлашган “Қизилтепа бетон қурилиш монтаж сервис” МЧЖда маҳаллийлаштириш ҳисобидан ишлаб чиқариш корхоналари учун газ-чанг тозалаш ускунаси ўрнатилди.
НДКИ илмий ва конструкторлик салоҳияти билан яратилган мазкур қурилма лойиҳаси айнан қизилтепалик тадбиркор томонидан молиялаштирилди.
– Жорий йилнинг январь ойида вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда вилоятдаги 206 та саноат корхоналари, жумладан, ғишт, оҳак ва асфальт ишлаб чиқарувчи корхоналарда ўтказилган ўрганишларда уларнинг 36 тасида газ-чанг тозалаш мосламаларининг йўқлиги, аксарият корхоналарда эса ушбу мосламалар талабга жавоб бермаслиги аниқланди.
Шуларни инобатга олган ҳолда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси илмий-техник Кенгаши ҳамда Навоий давлат Кончилик институтининг олим ва илмий мутахассислари ҳамкорлигида ишлаб чиқариш ва эксплуатацияда қулай газ-чанг қурилмаларини маҳаллийлаштиришга эришдик, – дейди Навоий вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Хайрулло Бақоев.
Таъкидлаш жоиз мослама хориждан келтирилаётган муқобилига нисбатан арзонлиги билан бирга атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар, кўмир қурумини 92 фоизга қадар тутиб қолиш имконини беради.
Маълумотларга кўра, 2021 йилда вилоят ҳудудида атмосферага 91 минг 258 тонна ҳар хил турдаги газ ва чанг чиқарилган. Уларнинг 51 минг тоннаси саноат корхоналари ва 40 тоннадан зиёдроғи автотранспорт воситалари ҳиссасига тўғри келади. Бунда энг юқори “улуш”ни йирик саноат корхоналари фаолият юритаётган корхоналар мавжуд бўлган Навоий шаҳри, Конимех, Кармана ва Томди туманлари эгалламоқда. Бу эса тизимда ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар кўплигини билдиради.
Абдували Бўриев, ЎзА