"Чўл кема"лари сони кўпаяди
Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида “MILKY PLANET” чорвачилик ва наслчиликка ихтисослашган агрофирманинг фаолият кўрсатаётганига тўрт йилдан ошди.
Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида “MILKY PLANET” чорвачилик ва наслчиликка ихтисослашган агрофирманинг фаолият кўрсатаётганига тўрт йилдан ошди.
Айни пайтда мазкур агрофирма раҳбари Ғуломжон Содиқовнинг саъй-ҳаракатлари билан Германиядан келтирилган 800 бош гольштейн ва сементал наслли қорамол, 15 бош зотдор ахалтекин ва қорабайир оти, 6 бош икки ўркачли туя парваришланмоқда.
Қарийб 7 гектар майдонга эга агрофирмадаги барча юмуш автоматлаштирилган тизимда ташкил этилган, 30 киши иш билан таъминланган. Шунингдек, 320 гектар майдонга озуқа экинлари экилган.
– Бу ерда парваришланаётган зотдор сигирларнинг ҳар бири 10-20 литргача сут беради, баъзи сигирлардан эса 44 литргача сут олиш мумкин, – дейди иш бошқарувчи Дониёр Абдиев. – Бу борадаги ишларимиз тизимли асосда йўлга қўйилган. Беозор, майин тукли, халқимиз тилида “чўл кемаси” деб ном олган туяларга қатъий тартиб асосида озуқа берилади. Туя сутининг инсон организмига фойдаси ва турли хасталикларга даволигини ҳисобга олиб, келгусида уларнинг сонини кўпайтиришга ҳаракат қилаяпмиз.
Махсус автоматлаштирилган тизимга асосланган соғиш жараёнлари замонавий мосламалар ёрдамида амалга оширилиб, 3-3,5 тонналик цистерналар орқали тоза, витаминларга бой сут буюртмачиларга етказиб берилмоқда. Келгусида иш ўринларини янада кўпайтириш, наслдор қорамоллар сонини ошириш учун янги чорвачилик мажмуаларини қуриш бошланган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, агрофирманинг асосий мақсади аҳолига наслли қорамол, от ва туя етказиб бериш билан бирга, халқимизни сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлашдир.

