“Caitme”: танишув, мулоқот ва ҳамкорлик
Бугун пойтахтимиздаги “Анҳор-Локомотив” истироҳат боғида “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари” ўн учинчи Марказий Осиё халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади.
“Iteca Exhibitions”, “ICA Eurasia” халқаро кўргазма компаниялари томонидан ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ҳамда Савдо-саноат палатасининг расмий кўмагида ташкил этилган кўргазма очилишида маҳаллий ва хорижлик ишлаб чиқарувчилар, масъуллар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Унда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров, Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар, Испаниянинг саноат ишлаб чиқарувчилари уюшмаси директори Алехандро Галлего ва бошқалар ушбу кўргазма тўқимачилик, трикотаж, тикувчилик ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналарнинг замонавий технологик ишланмалари ва намуналари билан яқиндан таништиришга хизмат қилишини қайд этди.
Таъкидланганидек, мазкур кўргазмада дунёнинг 12 мамлакатидан юзта компания ўз имкониятларини намойиш этмоқда. Улар орасида Австрия, Германия, Ҳиндистон, Испания, Италия, Қозоғистон, Хитой, Россия, Туркия, АҚШ, Швейцария каби давлатлардан ишлаб чиқарувчилар бор. Иштирокчиларнинг 78 фоизи хорижий, 22 фоизи эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилардир.
Кўргазмада иштирок этиш учун Туркия давлатидан 44 компания вакиллари келган. Улар замонавий трикотаж ва қуритиш машиналари, пардозлаш, бўяш, бракка чиқариш ва лаборатория ускуналари, матоларни узлуксиз ювиш учун дастгоҳлар, тўқимачилик қозонлари ва горелкалар, шунингдек, назорат-ўлчов техникаси, компрессорлар, гидравлик қурилмалар ва бошқа кўплаб маҳсулотларни тақдим этяпти.
[gallery-4172]
Туркиянинг “Myd Group Corp” компанияси ҳам кўргазма иштирокчиси. Компаниянинг экспорт бўйича менежери Толунай Йилдизнинг айтишича, Ўзбекистон бозори ва ташкил этиладиган бундай тадбирлар компания фаолияти учун фойдалидир.
– Биз юртингизда ўтказиладиган кўргазмаларда бир неча бор қатнашганмиз, – деди у. – Бу сафар ҳам биринчилардан рўйхатга ёзилган эдик. Компаниямиз буёқларга қўшиладиган кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Бизнинг Ўзбекистонда ҳам ҳамкорларимиз бор. Шу сабабли, биз учун юртингиз бозоридан харидорлар топиш янада самарали. Қолаверса, бу ерда ўз офисимизни очиш ниятидамиз.
Шунингдек, кўргазмада илк бор Испания компаниялари қатнашмоқда. Унда мазкур давлатнинг еттита компанияси Испаниянинг саноат ишлаб чиқарувчилари уюшмаси – AMEC бошчилигидаги хом ип ва халқасимон калава ғалтаклари, босма ва чийратиш машиналари, дастгоҳ ускуналарини ва пардозлаш ускуналарини тақдим этмоқда.
– Испания компаниялари Ўзбекистонда илк маротаба маҳсулотларини намойиш этмоқда. Ўйлайманки, бу кўргазма икки мамлакатнинг тўқимачилик ускуналари ва технологиялари соҳаси вакиллари ўртасида ҳамкорликларни янада мустаҳкамлайди, –деди Испаниянинг саноат ишлаб чиқарувчилари уюшмаси директори Алехандро Галлего.
Кўргазма павильонидан бошқа хорижий иштирокчилар қаторида Хитойнинг тўқимачилик компаниялари маҳсулотлари ҳам ўрин олган. Масалан, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари билан 10 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келаётган “Jack China No. 1” компанияси улардан бири.
– Компаниямиз бошқа давлатлар қаторида Ўзбекистон билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган. Биз бу галги кўргазмада замонавий тикув машиналарини тақдим этдик. Айни дамда иштирокчилар маҳсулотларимизга катта қизиқиш билдиряпти, –деди ушбу компаниянинг сотув ишлари менежери Фиона Чжай.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА