Бюджет шаклланишининг асоси рақамлаштирилмоқда
Молия вазирлиги ахборот хизмати хабар беришича, давлат бюджетини тузиш жараёнида бугунги кунга қадар бюджет сўрови ҳужжати ҳисобчилар (бухгалтерлар) томонидан қўлда (хатолик эҳтимоли катта бўлган ҳолда) тайёрланарди.
Вазирлик томонидан давлат бюджети тизимини ислоҳ қилиш, бюджет харажатлари самарадорлигини оширишни таъминлаш мақсадида халқаро молия институтлари экспертлари кўмаги билан ўрта муддатли бюджетлаштириш механизми жорий этилди.
2021 йилдан бошлаб келгуси молия йили учун давлат бюджетини тузиш ва тайёрлаш жараёни икки босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқичда давлат бюджети харажатларини режалаштириш ва унинг ижросини автоматлаштириш ҳамда инсон омилини қисқартириш мақсадида “Давлат молиясини бошқариш ахборот тизими” (ДМБАТ) жорий этилмоқда. Бюджет ташкилотларига келгуси молия йили учун дастлабки бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари белгиланади.
Иккинчи босқич — бюджет ташкилотлари ҳамда бюджетдан маблағ олувчиларнинг бухгалтерия ҳисобини юритувчи «УзАСБО» ахборот тизимларида бюджет сўрови ҳужжати рақамлаштирилган ҳолда шакллантирилади.
Таъкидланишича, келгуси йил давлат бюджетини тузиш ва тайёрлашни электронлаштириш орқали бугунги кунгача бўлган оворагарчиликлар, рақамлардаги хатоликлар қисқариб, бюджет жараёнини назорат қилиш янада қулайлашади.
Ш.Маматуропова, ЎзА