Бузилган кўприк уч кунда тикланди
Қашқадарё вилояти Қарши тумани “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Қумбойғунди қишлоғининг ичидан ўтган “Оби ҳаёт” канали устига ўрнатилган, ҳашар йўли билан қурилган кўприк бир неча кун аввал оғир юк машинаси ўтиши натижасида қулаб тушган. Натижада қишлоқ иккига ажралиб қолган. Айниқса, бу мактабга қатновчи ўқувчилар, масжидга қатновчи намозхонлар учун жуда ноқулайлик туғдираётган эди.
Ҳолатни ўрганиш мақсадида манзилда бўлиб, қишлоқ одамлари билан суҳбатлашдик.
– Ўтган асрнинг 70-йилларида ҳашар йўли билан қурилган эди бу кўприк, – дейди Орол бобо Муродов. – Аслида охирги йилларда эскириб, таъмирталаб бўлиб қолган эди. Устига устак оғир техника ўтиб ўпириб юборди. Энди бори ҳам йўқолди. Қишлоқнинг нариги томони билан узилиб қолдик. Тўй-ҳашам, маъракамиз, азамиз битта бўлса, жуда хунук воқеа бўлди бу. Бу кўприкдан нафақат қишлоғимиз одамлари, балки қўшни қишлоқликлар ҳам ўтарди. Айниқса, ҳозир баҳорги таътил вақти, эрта-индин мактаб бошланади. Кейин ўқувчиларнинг қатнаши ҳам муаммо бўлиб қолади. Камида 5-6 километр масофа босиб, қўшни қишлоқдаги кўприкдан ўтиб келишига тўғри келади. Каналда сув ҳажми катта.
Ҳашар йўли билан қурилган бўлса-да, шу ерлик аҳоли учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу кўприкнинг қулаб тушиши ҳақиқатда одамлар учун ноқулайлик туғдиргани рост.
Туман ҳокими бошчилигидаги масъуллар аҳолининг бу муаммосига беэътибор қарашмади. Уч кун муддат ичида бузилган кўприк қайта тикланиб, аввалги темир қувурлар ўрнига мустаҳкам бетон панеллар олиб келиб ўрнатилди. Қурилиши мукаммал тарзда охирига етказилмаган бўлса-да, икки томонлама ҳаракат тикланди. Қатнов йўлга қўйилди.
– Жорий йилнинг 26 март куни кўприк бузилиб, қатнов узилиб қолганди, – дейди “Шодлик” МФЙ раиси Фарруҳ Боймуродов. – Туманимиз масъуллари уч кун ичида мустаҳкам плиталарни олиб келиб ўрнатиб беришди. Бунақаси ҳали бўлмаган. Бундан одамларимиз жуда миннатдор. Чунки бу кўчадан техникалар, ўқувчилар ва бошқалар ўтарди. Кўприк қурган савоб, дейди. Албатта, биз ҳам қараб турмаймиз. Халқимиз билан жипслашиб, ҳомийларимизни жалб этган ҳолда бетонлаш, четига хавфсизлик учун панжаралар ўрнатиш ишларини бажариб, кўпригимизни янада мустаҳкамлашни мақсад қилганмиз. Бу ишларни ҳам узоғи уч-тўрт кун ичида охирига етказамиз.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, бугун аҳолини рози қилиш, муаммоларига ўз вақтида эътибор қаратиш Юртбошимиз раҳбарлигида олиб борилаётган сиёсатнинг туб моҳиятини ташкил қилмоқда.
[gallery-16681]
Аҳоли вакилларининг айтишича, қурилганига 50 йилдан ошган ушбу кўприк йиллар давомида эскирган ва бу бўйича илгари кўплаб мурожаатлар қилинган, аммо эътиборсиз қолдирилган.
– Ҳақиқат бор экан, – дейди фахрий ўқитувчи Норбой Отабоев. – Ёшим 70 га яқинлашяпти. Кўприк бузилибди, деганда бори ҳам кетди, энди нима бўларкин, дея ўйлагандим. Уч кун ичида мана шахсан туман ҳокимининг ўзи, сектор раҳбарлари келиб, устида туриб бетон плиталарни қўйдириб берди. Шағал тўкиш, бетонлаш ишлари бошланиб кетди. Илгари бир раҳбарнинг қабулига кириш учун соатлаб кутардик. Мана, бугун уларнинг ўзи олдимизга келиб, муаммоларимизга ечиб бермоқда. Бунинг учун Юртбошимиздан жуда миннатдормиз. Қўлларимиз доим дуода.
Халқимизда кўприк қурган савоб бўлади, деган нақл бор. Амалга оширилган ишлардан миннатдор бўлган қумбойғундилик кексаю ёшлар ҳам шукроналик келтириб, ишни бошида турган масъулларни дуо қилишмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари