Буюк ипак йўлидаги Қашқар (+видео)
Ҳамкорлик уфқлари
Ўзбекистон дунёга очилди. Уни биринчилардан бўлиб қутлаган Хитой эди. Икки мамлакат давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон – Хитой муносабатлари энг юқори даражага чиқди. Ўзаро товар айланмаси 14 миллиард долларга етди. Хитой капитали иштирокидаги корхоналар сони уч баробарга кўпайди. Маданий алоқалар мустаҳкамланди. Муносабатларни мустаҳкамловчи омиллардан бири савдо – саноат ярмаркалари ва иқтисодий форумлардир.
Қашқар ярмаркасида Ўзбекистон учун манфаатли лойиҳалар
Қашқар саноат – савдо ярмаркаси бу йил 14- бор ўтказилди. Унинг ишида Марказий Осиё, Жанубий Осиё мамлакатлари вакиллари иштирок этишди.
Қашқар Хитой ва умуман Осиё қитъаси учун муҳим стратегик аҳамият касб этувчи логистик марказдир. Хитойнинг шарқидаги денгиз портларидан келаётган юклар айнан Қашқардан Марказий Осиё ва Жанубий Осиё томон йўл олади.
Ярмарка очилиш тантаналарида сўзга чиққан Қашқар округи губернатори Анвар Турсун, Шинжон савдо бошқарув раиси Син Тао, Шанхай хамкорлик ташкилоти бош котибининг ўринбосари Сухайл Хон ва иштирокчи мамлакат вакиллари Қашқар саноат- савдо ярмаркасининг ўзаро товар алмашувдаги аҳамияти ортиб бораётганини, унинг иштирокчилари шу йилнинг ўзида 10 фоизга ошганини мамнуният билан қайд этдилар.
Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошлангани Қашқар ярмаркаси нуфузи, давлатлараро иқтисодий муносабатлардаги ўрни янада мустахкамланишига сабаб бўлди. Шу туфайли энди Жанубий Осиёнинг ҳатто Шри-Ланка каби давлатигача Қашқарга ташриф буюрган.
40 минг метр квадрат майдонда Осиё мамлакатлари ишлаб чиқарувчиларининг кўргазмалари очилган. Асосан халқ хўжалиги ва истеъмол маҳсулотларига мўлжалланган павильонларда инсон ҳаёти учун бирламчи эҳтиёж моллари таклиф қилинади. Кўргазма залининг марказида Ўзбекистон павильони ташкил этилган.
–Ўзбекистон Президентининг очиқлик сиёсати туфайли юртимиз тадбиркорларидан бир гуруҳи ярмарка ишида қатнашмоқда, – дейди Ўзбекистон инвестициялар, савдо ва саноат вазирлигининг Хитойдаги ваколатхонаси ходими Отабек Обиджонов. – Улар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни сотиш бўйича бир қатор шартномалар туздилар.
Шу павильонда биз хитойлик тадбиркор Танг Ю Ронг билан танишиб қолдик.
–Мен Ўзбекистондан кулолчилик маҳсулотларини олиб келиб сотаман. Айниқса, Риштон, Бухоро кулоллари ясаган идишларга талаб катта. Ярмаркадан фойдаланиб, Ўзбекистон кулолчилик маҳсулотларини тарғиб қиляпман, – дейди у.
Ярмаркада иштирокчи мамлакат ва Шинжон санъаткорлари миллий куй- қўшиқларини ижро этар эканлар, ўз кўргазмаларига одамларни чорлашга ҳаракат қилади. Бу ерда яна бир ҳамкор компания вакиллари билан ҳам мулоқотда бўлдик.
Биз бу дронларни Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва кадастр хизмати учун тақдим этгандик, – дейди JOVAV компанияси мутахассиси Чан Ни Е. – Унинг иш самарадорлиги ўзбекистонлик дўстларимизга маъқул келди. Улар нафақат ўсимлик ҳолатини назорат қилади, балки кимёвий ишлов бериш имкониятига ҳам эга. Шу йилдан энди турли қувватдаги дронлар биз билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади.
14-Қашқар саноат-савдо ярмаркасида Ўзбекистон учун манфаатли лойиҳалар ҳам имзоланди.
Хитой ва Марказий Осиё: кўп тилли ягона ОАВ таъсис этилади
Қашқарга саноат-савдо ярмаркаси ишини ёритиш учун унинг иштирокчилари бўлган мамлакат журналистлари ҳам келганлар. Хитой томони уларнинг самарали иштироки учун барча шароитни яратди. Бунинг мақсадли сабаблари бор, албатта. Хитой Осиё ва Жанубий Осиё мамлакатлари билан иқтисодий муносабатларни урғулар экан, шу билан бирга иштирокчи мамлакатлар оммавий ахборот воситаларига ҳам икки томон учун манфаатли таклифлар киритди.
Ярмарка матбуот марказида Шинжон ва Қашқар округи оммавий ахборот воситалари ва тарғибот канцелярияси вакиллари билан Хитой – Марказий ва Жанубий Осиё медия салони очилишида иштирок этдик.
– Ҳар бир журналист учун аввало ўз мамлакати манфаатлари устун туради, бу шубҳасиз қоида. Аммо бу манфаат бугун муштараклик касб этди. Демак, биз журналистлар ҳам фаолиятимизда мана шундай манфаатлар муштараклиги нуқтасида бирлашайлик, – деди Хитой матбуоти мулозимлари ва ОАВларининг раҳбарлари.
Музокарада сўз олган журналистлар илмий манфаат холислик мезонларини четлаб ўтмаслиги юзасидан фикр- мулоҳазаларини билдирдилар.
Дастлаб медиамаконда ягона ахборот воситасини таъсис этиш, биринчи босқичда у ахборотни бир вақтнинг ўзида Хитой ва Марказий Осиё халқлари тилида бера оладиган бўлиши, минтақа янгиликлари, ижтимоий сиёсий вазият ҳамда воқеликларнинг хабардорлигини оширишга хизмат қилишга қаратилиши лозимлиги хақида ўзбекистонлик журналистлар таклиф киритишди.
– Бу жуда ўринли таклиф бўлди, – дейди Хитой Янгиликлар ахборот агентлигининг Шинжон бўлими раҳбарининг ўринбосари Ван Цзиншэн. – Биз Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолияти доирасида бундай ОАВни таъсис этишда ташаббуслар бўлишга тайёрмиз. Келгусида Марказий Осиёнинг хар бир мамлакатида янги оммавий ахборот воситасининг мухбирлик ваколатхоналарини ҳам очиш зарур бўлади.
Қашқар Осиёнинг йирик логистик маркази
Шинжон Хитойнинг энг муҳим стратегик аҳамиятга эга минтақаси. Қашқар эса гўё унинг юраги. У қадимда ҳам Буюк ипак йўлидаги карвонлар тўхтаб Оврўпадан келаётган карвонлар билан учрашадиган жой бўлган. Ўзаро товар алмашувлар айнан шу ерда амалга оширилган. Мана энди бугунга келиб Қашқар Чинмочиннинг ривожланган шаҳарларидан бири, йирик логистик марказ, шарқ ва ғарб, шимол ва жанубни боғловчи савдо чорраҳаси бўлиб қолди. Айнан шунинг учун ҳам бу ерда давлатлараро иқтисодий форумлар, ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари ярмаркалари тез-тез ўтказиб турилмоқда.
Дунё иқтисодиёти мураккаб вазиятни бошдан кечираётган шу пайтда Хитойнинг Қашқар округида 2024 йил биринчи ярмида ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг шу пайтига нисбатан 5,4 фоизга, савдо 11,5, товар айланмасидаги маблағ 6,2 фоизга ўсган. Қашқарга келаётган сайёҳлар оқими эса рекорд даражада – 44,2 фоизга кўпайган.
Бунинг асосий сабабларидан бири Шинжонда тадбиркорликдаги эркинлик, имтиёзларнинг қонуний асослари шакллангани, банк кредитларининг устама фоизи паст даражада экани билан боғлиқ.
Қашқар эркин саноат зонаси ва логистик марказида деярли барча маҳсулот ишлаб чиқарилади. BVD ларни қўя туринг, ёши улуғлар, имконияти чекланган, ёлғиз аҳоли вакиллари учун бошқаруви осон бўлган кичик автомобилларни ҳам сотувга чиқаришди. Тезлиги 80 кмгача, 100 км масофага 1,5 литргача ёқилғи сарфлайдиган ёки электр батарейкасини бир марта қувватлаб 200 км юра оладиган 4 ўринли бу машиналар эгаларига етиб борди.
Иқтисодий зонада кўргазма дўконлари бўлиб, унга маҳсулот намуналари қўйилади.
–Компаниямиз Хитойннинг таниқли брендлари маҳсулотларини Марказий Осиё давлатларига тавсия этиш ва сотиш билан шуғулланади, – дейди тадбиркор Танг Ян Ронг. –Ўзбекистонга кўк чой, парфюмерия маҳсулотлари етказиб беряпмиз. Юк олиб борган машиналар қайтишда гилос олиб келади. Уни мамлакат шарқий округларида сотамиз.
Хитойнинг шарқидаги Хнан провинцияси Қашқардаги эркин иқтисодий зонада ип йигирув корхонасини ташкил этган. Маълумки, Хитой бир йилда 16 млн. тоннагача пахта хомашёси етиштиради. Унинг асосий қисмини Шинжон Уйғур автоном районининг Қашқар ва унинг атроф округлари етказиб бермоқда.
“Шенжен текстил технолог” компанияси фақат пахтани қайта ишлаш билангина шуғулланмайди. Улар ана шундай иш бажарувчи линия ва ускуналарни ишлаб чиқаради.
Қашқардаги бу тўқимачилик корхонасининг қуввати 135 минг урчуққа тенг. У Андижон вилоятидаги ип йигирув тўқимачилик мажмуалари билан ҳамкорлик қилади. Яъни уларга шу ердаги каби замонавий ускуналарни етказиб берганлар.
–Биз ҳар ойда 2 минг тонна ип йигирамиз. Уни Хитой тўқимачилик корхоналарига етказиб берамиз. Чунки Қашқар пахтасидан олинган тола узунлиги, микронеер кўрсаткичи, яъни бақувватлиги юқорилиги билан ажралиб туради, – дейди унинг директори Ян Синь Шэн.
Эркин иқтисодий зонада янги қурилган павильон, омбор, терминаллардан энди Покистон томон ҳам довон орқали автомобиль ҳаракат йўли очилди. Шундай қилиб, Қашқар Осиёнинг энг йирик ишлаб чиқарувчиси ва логистик марказига айланмоқда.
Қашқарнинг 99 кўчаси
Хизмат сафарининг Қашқар билан боғлиқ барча расмий қисми якунланди. Ва ниҳоят бизда бўш вақт пайдо бўлиб, Қашқарнинг эски шаҳар мавзесига келдик.
Биз Қашқар шаҳрининг 1400 йил аввал бунёд этилган дарвозасидан дунёнинг турли қитъаларидан келган минглаб сайёҳлар қаторида бу кўҳна ва машҳур ўрда томон кирдик. Барча бино-иншоотларни имкон қадар аслича сақлаб қолишга ҳаракат қилганлар. Табийки, улар асрлар давомида таъмирлаб борилган. Лекин Қашқарни аслича авлоддан авлодга ўтказиш маҳаллий аҳоли-уйғурлар учун эътиқод ишига айланган. Дарвоқе, умуман бугунги эски ва янги Қашқарда 600 минг аҳоли яшайди. Салкам саксон фоизи уйғурлар. Улар қадимдан савдогарчилик, хунармандлик билан шуғулланиб келганлар. Эски шаҳар кўчаларини сайр этар экансиз, бу анъана ҳозиргача сақланиб қолганини кўрасиз.
–Қадимий шаҳар ҳудудида 99 та кўча бўлиб, уларнинг ҳар бири номининг ўз тарихи бор, – дейди йўлбошчи Марҳабо Одил қизи. –Биз турган кўча тоғарчилар кўчасидир. Илгари бу ерда ипакчилик билан шуғулланган ҳунармандлар яшаганлар. Шунинг учун бу кўча тоғарчи кўча деб аталади.
Ҳа, 99 кўча 99 ҳунармандчилик номи билан юритилади. Бу кўчада йигчилар яшайди. Бешикдан то чекичгача ясаб сотади улар. Бу кўча темирчилик деб аталади. Устахона неча юзлаб йиллар давомида авлодларга ўтиб келаверган. Бу бозғонда ўз вақтида не-не қилич-у совутлар ишлаб чиқарилмаган дейсиз. Бугун эса хўжалик эҳтиёжи моллари, ранг-баранг пичоқ, чойнак-пиёлалар тайёрланяпти.
Қашқарнинг эски шаҳрида гулчи, кулол, заргар, э, қўйингки, нонвой кўчаларигача бор. Айтишларича, Қашқарнинг энг қадимий нонхоналаридан бири шу кўчада жойлашган экан.
–Исмим Умаржон. Еттинчи авлод нонвойчилик билан шуғулланяпмиз. Бобомнинг боболари ҳам шу бинода нонвойчилик қилишган. Давлат бизга тижоратимизни юритиш учун яхши шароит яратиб берган. Турмушимиз ҳам яхши.
Сайёҳни эъзозлаш, кўнглини олиш, хурмат кўрсатишда қашқарликлар ҳеч биримиздан кам эмас. Шоҳона либос кийдириб от, туя миндириб, бепул шаҳар сайр қилдириш ҳам уларгагина хос одат. Шунданми, 2020-2021 йилдаги очиқлик сиёсати туфайли Шинжонга, Қашқарга сайёҳлар оқими кескин кўпайиб кетди.
–Бир кунда Қашқарнинг кўҳна шаҳри билан танишгани келаётган сайёҳатчилар 100 мингдан ошади. Дам олиш ва байрам кунлари уларнинг сони 200 минг нафарга етади, – дейди Марҳабо Одил қизи.
Кўҳна шаҳарга саёхат 10 юан, яъни 17 минг сўм туради. Бу ерга бир кунда ташриф буюраётган сайёҳлардан тушган чипта пулининг ўзи 200 мингдан 300 минг долларгача етади. Ичкаридаги хизмат кўрсатиш, савдо-сотиқдан олинаётган даромадни қўяверинг. Бу маблағлар сайёҳларга тобора қулай шароит яратиш, саёҳат манзилларини таъмирлаш, турли совға, туғилган кун каби акциялар ўтказишга, шу йўл билан яна ҳам кўпроқ сайёҳ жалб қилишга сарфланар экан.
Қашқар водийси зироатлари
Қўҳна шаҳар иморатлари асосан ўймакорлик билан безатилган ёғочсозликка асосланган. Уйлар пишган ғиштдан қурилган бўлсада, пишитилган майин сомонли лойсувоқ қилинади. Бу ёзда иссиқдан, қишда эса совуқдан асрайди, дейди аҳоли. Қашқар иқлими шифобахш ўсимликлар учун ғоят қулай. Қолаверса, шарқда Хитойнинг уч ярим минг километрли саҳроси, жанубий ва ғарбий тоғлардан Буюк ипак йўли бўйлаб ўтган карвонлар ҳамиша Қашқарда тўхтаган, мол алмашган, савдо қилган. Ўша замонлардан буён бу ердаги кўчаларнинг бири зироатчи деб аталган. Унинг ҳозиргача сақланган ўнлаб дўконларида турфа хил гиёҳлар сотилади.
– Қашқарда шифобахш ўсимликлар кўплиги ва одамлар уларни истеъмол қилаётгани учун беморлар нисбатан кам дейишади. Шу тўғрими?, – сўраймиз биз дўкондорларнинг биридан.
–Дарҳақиқат, Қашқар бир томондан Токли Макон саҳроси яқинида, бир томондан Тян Шан тоғларига туташ бўлгани учун шифобахш зироат жуда кўп. Одамлар улардан самарали фойдаланиб келяпти, – дейди зироат дўкондори Алижон Халфа.
Қашқарликлар хонадонида ҳам, ресторану овқатхоналарда ҳам энг суюкли ичимлик – чой. Лекин у бизнинг тасаввуримиздаги хитой, ҳинд ёки цейлон чойи эмас. Ҳамма жойда гиёҳли чой ичилади.
–Мана бу гиёҳлардан тайёрланган чой дамламаси қон босимини туширади. Унинг таркибида тоғлардаги ёввойи ўрик мағизи, Қашқар зираси ва зирки, бодиён ва қора чой бор, – дейди Алижон Халфа. –Бунисини эса уйғурчой дейдилар. Унинг таркибига гиёҳлардан ташқари қора мурч, қалампир, чўл ўсимлиги қовзағининг талқони, Қашқар атиргуллари ҳам қўшилган. У ошқозонни қизитади. Томоқдаги шамоллашни бартараф этади. Ични юритади.
Қашқарнинг ташриф қоғозларидан бири – унинг гулқанд ширинлигидир. Гулқандни айниқса Осиё мамлакатларидан келган сайёҳлар жуда ёқтирадилар. Унинг хушбўй ҳиди кўчаларгача тутиб кетган. Биз ҳам бундай имкониятни қўлдан бермай бир нечтасини сотиб олдик.
–Мана бу эса Қашқарнинг машҳур қизил атиргуллари баргидан тайёрланган гулқанд. У фақат Қашқарда тайёрланади. Унга саҳро гулларини қуритиб қўшилади ва 90 кун қуёш нурида сақланади. Унинг хусусияти шуки, ошқозоннинг барча касалликларига шифо бўлади. Гулқандни Қашқардаги барча хонадонларда тайёрлайдилар.
Эски шаҳарнинг ҳамма кўчаларида аҳоли яшайди. Табийки, уларда қувончли воқеалар – тўйлар ҳам бўлиб туради. Қизиқувчан сайёҳлар бир лаҳза бепул томоша кўрадилар. Чунки уйғурлар миллий урф-одатлари, куй-қўшиқлари, умуман, миллийликларини сақлаб қолганлар.
Хонадоним – иш жойим
Қашқарнинг эски шаҳари аранг нафас олаётгандек. Биринчидан, аҳоли зич. Бир-икки сотих ерда ҳам оилалар яшайверади. Қолаверса, сайёҳлар оқими шу қадар тиғизки, баъзида оёқ босгани жой топмайсиз. Унинг устига, ҳар бир хонадоннинг кўча хонаси дўкон. Эрта тонгдан ярим тунгача савдо-сотиқ авжида. Очиғи, ҳар ким ҳам бундай ҳолатда яшай олмайди.
Ҳозир биз Қашқарнинг тор кўчаларидан биридамиз. Келинг рўпарадаги хонадонга кирайлик.
Ассалому алайкум, яхшимисиз.
–Раҳмат, марҳабо, – дейди хонадон соҳибаси ўзини Мухлиса Муҳаммад қизи деб таништирган аёл.
Ҳовлида аранг айланасиз. Иккинчи қават яшаш хоналари. Пастда ошхона ва меҳмонхона. Сув, сувоқова йўли бор. Газ эса суюлтирилган холда, баллонларда келтирилади. Оила аъзолари асосан каштачилик маҳсулотлари билан савдо қилади.
–Мен бу хонадонда қайнонам билан яшайман. Иккита фарзандим бор. Каттаси қиз кичиги ўғил. Бу уйда 7 жонмиз. Сайёҳлар уйимизни кўргани киради доим. Овқат сузаётган бўлсам уларни ҳам дастурхонга таклиф қилиб, меҳмондўстик кўрсатаман.
Бу ҳам оддий хонадонларнинг бири. Унинг эгаралари савдо-сотиқ қилмайди, сайёҳларга маданий хизмат кўрсатади. Хонадон қўшниларникига нисбатан кенгроқ. Ҳовлига ва иккинчи қават айвонига 50-60 сайёҳ сиғади. Уларни уйғур ширинликлари ва чойи билан сийлайдилар. Лекин энг муҳими жозибали уйғур қўшиқ ва рақсларидир. Айниқса, машхур раққоса Хиёли Абдураҳмон қизи санъатига маҳлиё бўлганлар бу ерга яна қайта келсам, дейди.
–Мен рақс санъатини онамдан ўрганганман. Аммо у қонимга илоҳий куч билан сингган бўлса керак. Ўзбек, тожик, ҳинд рақсларини ижро этишни яхши кўраман.
Эски шаҳарнинг битта кўчаси борки, унда сиз исталган таомни, мева ва шарбатларни топасиз. Биз ҳам бу кўчада бўлдик.
Битта видео репортажда қадимий Қашқар манзараларини тўлиғича кўрсатиш имконияти йўқ. Бу ерда ҳам ёз эмасми, тўкинчилик ва пишиқчилик. Мана бу ерда анжир сотишмоқда.
– Бу қаернинг анжири, – сўраймиз ироқи дўппи кийган сотувчидан.
–Атушнинг машхур боғларидан узиб келдик, – дейди у. –Марҳамат еб кўринг.
Биз илтифотни рад этмадик. Атуш анжири дарҳақиқат ғоят ширали эди.
Қашқар манзараларини кўриш, англаш ва унга тўйиш учун албатта Қашқарга ташриф буюриш керак.
Ҳа, Шинжонга, Қашқарга боринг. У Ўзбекистондан олисда эмас. Қолаверса, тилимиз, эътиқодимиз, урф-одатларимиз бир-бирига яқин. Ҳатто, рақсларимиз ҳам.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/M2IF2_J1YJY" title="BUYUK IPAK YOʻLIDAGI QASHQAR" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат, видео), ЎзА