Буюк Британия элчиси Сурхондарёда
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Тимоти Смартни қабул қилди.
Учрашувда меҳмонга воҳанинг иқтисодий имкониятлари, бой тарихий мероси ва табиий салоҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Буюк Британия компаниялари билан тўғридан тўғри ва амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама этилди.
Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда нафақат сиёсий, балки иқтисодий, ижтимоий, маданий соҳаларда ҳам янги босқичда изчил ривожланмоқда. Шунга мувофиқ томонлар ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, Буюк Британия компанияларини жанубдаги вилоятда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш юзасидан фикр алмашилди.

Элчи жаноблари бошчилигидаги делегация “Термиз” халқаро савдо маркази эркин савдо зонаси, “Термез Карго Центр” логистика маркази ва бошқа объектларда бўлди. Вилоятдаги тарихий обидалар, археологик ёдгорликлар ва бошқа диққатга сазовор жойлар билан танишди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири