Бухоролик журналистлар шарафланди
Бухоро вилоятида ҳам 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни кенг нишонланди. Байрам муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирида оммавий ахборот воситалари ходимлари, нашриёт ва матбаа соҳаси вакиллари, фахрий журналистлар, матбуот котиблари ва блогерлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар кейинги йилларда очиқлик ва сўз эркинлигини таъминлаш, қулай иш шароитлари яратиш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.
Ҳозирги кунда вилоятда 2 та телевидение, 2 та радио, 30 га яқин газета ва журнал, 97 та матбаа корхонаси ҳамда 17 та нашриёт ижодкор ва техник ишчи-ходимлари ватанимизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, мислсиз юксалишлар жараёнини кенг ёритиш ва тарғиб этишда жонбозлик кўрсатмоқда.
[gallery-18034]
Вилоятдаги мавжуд кенг ва қулай имкониятларни, давлат ва жамоатчилик ташаббусларини янада кенгроқ миқёс ва аудиторияда тарғиб этилишида республика телеканаллари ва газеталари, интернет нашрларининг вилоятдаги ўз мухбирлари, ижодий ва техник ходимлари муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Уларнинг орасида интернет журналистикаси миллий ахборот майдонида тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб, замон талаблари асосида янгиланиб бораётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Буларнинг барчаси, ҳеч шубҳасиз, соғлом рақобат муҳитини яратиш, фикрлар хилма-хиллигига эришиш, матбуот минбари орқали барча ижтимоий қатламларнинг фикр ва қарашларини ифода этиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун мустаҳкам замин бўлмоқда.
Тантанали тадбирда аҳолига тезкор ва ишончли ахборот етказиб бериш, вилоятдаги мавжуд кенг ва қулай имкониятларни, давлат ва жамоатчилик ташаббусларини республика матбуоти, телевидение, радио ва интернет саҳифаларида тарғиб этилишида ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари, фахрий журналистлар, матбуот котиблари ва блогерлар вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи, ташаккурнома ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди. Бундан ташқари, тадбирда бир гуруҳ соҳа ходимлари вилоят прокуратураси томонидан ҳам тақдирланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.