Бухорога илк парвоз амалга оширилди
“Қўқон – Бухоро – Қўқон” йўналишидаги биринчи рейс кўҳна ва боқий Бухоро халқаро аэропортида миллий чолғулар садолари остида тантанали кутиб олинди.
– Тарихий меросга тўла Бухорони нафақат Қўқон халқи, балки бутун дунё аҳли кўришга ошиқади, – дейди нуроний отахонлардан бири. – Биз меҳмон сифатида Бухоро шаҳрига илк маротаба ташриф буюрдик. Саёҳат давомида вақт муҳим омиллардан биридир, парвоз вақти қисқа муддатни ташкил этди. Бу каби рейсларнинг йўлга қўйилиши, келгусида сайёҳлар сонининг ортиб боришига ҳисса қўшади.


“Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида 60 ёшдан ошган эркаклар ҳамда 55 ёшдан ошган аёллар учун жорий йилнинг 1 ноябридан 30 ноябрь санасига қадар барча тарифларда 10 фоиз чегирма тақдим этилади.
Маълумот учун, “Қўқон – Бухоро – Қўқон” йўналиши тасдиқланган жадвалга мувофиқ мунтазам қатновларни бошлади.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.