Бухородан дунёга йўл: 90 нафар хорижлик ёш диплом олди
Буюк мутафаккир ва табобат илмининг султони Абу Али ибн Сино номи билан аталувчи Бухоро давлат тиббиёт институти нафақат мамлакатимиз, балки халқаро таълим маконида ҳам юксак нуфуз қозониб бормоқда.
Айни пайтда институтда дунёнинг 20 дан ортиқ давлатидан ташриф буюрган талабалар таҳсил олмоқда. Турли миллат ва маданият вакилларини бирлаштирган ушбу илм масканида 30 га яқин миллатга мансуб ёшлар замонавий тиббиёт сирларини чуқур ўзлаштириб, келажакда инсон саломатлиги йўлида хизмат қилиш учун пухта тайёргарлик кўрмоқда.
Шу муносабат билан институтда Даволаш иши йўналиши бўйича 2020–2026 ўқув йиллари давомида таҳсил олган Ҳиндистон ва Покистон давлатларидан келган 90 нафардан ортиқ битирувчиларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу қувончли тадбир институтнинг халқаро ҳамкорларидан бири бўлган "PeopleHive LLC" компанияси кўмагида ташкил этилди. Маросимда битирувчилар, уларнинг ота-оналари, профессор-ўқитувчилар, хорижий меҳмонлар ҳамда институт жамоаси вакиллари иштирок этиб, ушбу унутилмас куннинг гувоҳи бўлишди.
Тантанали тадбирда сўз олган институт ректори Шуҳрат Тешаев битирувчиларни ҳаётларидаги муҳим босқич – олий тиббий таълимни муваффақиятли якунлаганликлари билан самимий табриклади. У институтда берилган назарий билимлар ва амалий кўникмалар ёш мутахассисларнинг келгуси фаолияти учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, ректор институтда хорижлик талабалар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, халқаро таълим стандартлари асосида ташкил этилган ўқув жараёни, замонавий лабораториялар ва клиник базалар ҳамда дунё университетлари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.

Битирувчиларга дипломлар тантанали равишда топширилди. Кўп йиллик меҳнат, изланиш ва машаққатли ўқишнинг самараси сифатида қўлга киритилган ушбу ҳужжат ёш шифокорлар учун янги ҳаёт эшикларини очиб беради. Битирувчилар ва уларнинг ота-оналари институт раҳбарияти ҳамда устозларга самимий миннатдорлик билдириб, таълим жараёни юқори савияда ташкил этилганини алоҳида эътироф этишди.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур ёшлар эртага ўз мамлакатларида фаолият юритар экан, улар нафақат шифокор, балки Ўзбекистоннинг таълим тизими, меҳмондўстлиги ва тиббий мактаби элчиларига айланади. Бу эса мамлакатимиз нуфузини халқаро майдонда янада юксалтиришга хизмат қилади.
90 нафардан ортиқ хорижлик талабанинг Бухоро давлат тиббиёт институтини муваффақиятли тамомлаши нафақат бир таълим муассасасининг ютуғи, балки Ўзбекистон олий таълим тизимининг халқаро миқёсдаги эътирофи ҳамдир. Бугун Бухорода таҳсил олган ёшлар эртага дунёнинг турли нуқталарида инсонлар саломатлиги учун хизмат қилар экан, уларнинг қалбида Ўзбекистон ва Бухоро ҳақидаги илиқ хотиралар сақланиб қолади. Ана шу жиҳат мазкур тадбирнинг энг катта аҳамияти ва энг юксак натижаси ҳисобланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири