Бухорода замонавий касблар ривожланмоқда
Янги Ўзбекистонда барча соҳалар қаторида IT ҳам жадал ривожланмоқда.
Президентимиз жорий йил 29 июль куни IT соҳаси вакиллари билан учрашувда ёшларимизга шароит яратиб берилса, бу соҳани янада юқорироқ поғоналарга олиб чиқиш мумкинлигига ишонч билдирди. Шунингдек, учрашувда интернет қамрови ва сифатини кескин ошириш зарурлиги ҳамда IT соҳасида иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Бухоро вилоятида ҳам соҳани янада ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, телекоммуникация тармоғини ривожлантириш учун жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида 1,441 минг километр оптик толали алоқа линиялари қурилди. Умумий узунлиги 13,165 минг километрга, кенг полосали портлар сони 30,864 мингтага оширилди. Умумий сиғими 322,8 мингтага етказилди. Бунинг натижасида вилоятдаги аҳоли пунктлари 70 фоиз оптик толали алоқа тармоқлари орқали юқори тезликдаги интернет хизмати билан таъминланди. 1 Гбит/с. тезликдаги интернет тармоғига уланиш имконияти яратилди.
Вилоятда мобил алоқа қамровини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш мақсадида 25 та янги станция ўрнатилди. 81 та мавжуд база станциялари модернизация қилинди. Магистрал тармоқ ўтказувчанлиги вилоят маркази даражасида 400 Гбит/с. (4 баробар)га, туманлар даражасида 40 Гбит/с. (4 баробар)га оширилди. Йил якунига қадар телекоммуникация тармоғини ривожлантириш мақсадида 2,5 минг километр оптик толали алоқа линиялари, 18 минг сиғимга тенг кенг полосали портлар ҳамда 70 та база станциялар ўрнатиш режалаштирилган. Шунингдек, IT соҳасида иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, вилоятдаги тажрибали IT соҳасида юқори билим даражасига эга мутахассис ва тадбиркорлар билан ахборот технологиялари соҳасига қизиқувчи ёшлар ўртасида очиқ мулоқот ташкил этилди. Шу билан бирга ёшларни юқори маошли касб эгаси бўлишларини таъминлаш мақсадида IT соҳасида ўз фаолиятини йўлга қўйган тажрибали тадбиркорлар, АҚШнинг нуфузли IT ташкилотларида фаолият юритувчи мутахассисларни жалб қилган ҳолда тажриба алмашиш механизми йўлга қўйилди.
EPAM Systems компанияси дастурчиси Баҳром Саъдуллаев бухоролик дастурчиларни бирлаштириш учун технологик полигон ташкил қилди. Шахрилло Тўхсанов ва Фурқат Воҳидовлар ёшларни дастурлаш бўйича масофадан туриб юқори даромад олиш, фрилансерлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича Бухоро мактабини яратиш бўйича изланмоқда. Биргина, Шахрилло Тўхсанов 20 нафар ёшларни инглиз тили ва дастурлаш соҳасида ўқитиб, ойлик даромади 7000 доллар бўлган юқори маошли касб эгаларига айлантирди.
Президентимизнинг 2022 йил 23-24 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида 25 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Масофавий хизматлар экспорти марказлари”ни ташкил этиш юзасидан берган топшириғи ижроси юзасидан вилоятда ёш тадбиркор Сардор Сафаров АҚШ компанияси билан ҳамкорликда “Масофавий хизматлар экспорти маркази”ни ташкил этди. Марказда 50 нафар ёшлар иш билан таъминланди. Бугунги кунда марказнинг ойлик экспорт ҳажми 35 минг долларни ташкил этмоқда. Йил якунига қадар “Масофавий хизматлар экспорти маркази” фаолиятини ривожлантириш мақсадида “Ўзбектелеком” АК Бухоро филиалига тегишли бино таъмирланиб, мазкур тадбиркорга берилиши кўзда тутилган. Ушбу ташкил этилиши режалаштирилган “Масофавий хизматлар экспорти маркази” орқали 150 нафар ёшлар юқори маошли касб эгалари бўлиши, йилига 1 миллион доллар миқдорида IТ-хизматларини экспорт қилиши режалаштирилган.
Вилоятда Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда IТ-хизматлар экспорт ҳажмини ошириш мақсадида таълим ва IT хизматлар экспортига ихтисослаштирилган “Қоракўл” IT-кластерини ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар Ҳиндистоннинг Ачаря институти билан ҳамкорлик олиб борилди. “Қоракўл” IT-кластери ҳузурида Ахборот технологияларига ихтисослаштирилган университет ташкил этиш бўйича Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда Ҳиндистоннинг Ачаря институти ўртасида меморандум имзоланди. Шу билан бирга Қоракўл туманида IT-кластер фаолиятини йўлга қўйиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳозирда келишув жараёнида. Бундан ташқари “Bukhara City” ҳудудидан ажратилган 1,5 гектар ер майдонида тўққиз қаватли замонавий бинонинг 4000 кв.м қисми IT-Parkнинг Бухоро филиали учун ажратилиши кўзда тутилган. Ҳозирда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур бино йил якунига қадар қурилиб IT-Parkнинг Бухоро филиали ишга туширилиши режалаштирилган.
Алижон Яхшиев,
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи.
ЎзА