Бухорода хайрия пойгаси
Бухорода “Вukhara night race” хайрия пойгаси бўлиб ўтди. Халқаро тунги югуриш мусобақаси Президентимизнинг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ижроси доирасида маданият ва санъат муассасаларида инклюзивлик муаммаосига жамоатчилик эътиборини жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, маданий туризмни ривожлантириш, республика аҳолисини, жумладан, ёш авлодни фаол спортга кенг жалб этиш мақсадида ўтказилди.
Халқаро тунги пойга Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан Спортни ривожлантириш вазирлиги ва Бухоро вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди. Ўзбекистондаги илк тунги пойга кўҳна ва боқий Бухорода қуёш ботаётиб бошланди.
Тадбир доирасида 5 ва 10 километр масофага югуриш, 5 километрга “Nordic Walking” ҳамда болаларнинг 300 ва 600 метрга “Kids Run” пойга масофалари мавжуд бўлади. Пойга асл Бухоронинг диққатга сазовор жой ва кўчалари бўйлаб ўтувчи нурафшон югуриш йўлагида бўлиб ўтди.

Жорий йилдаги пойгадан кўзланган мақсад музейларни кўриш қобилиятида нуқсони бўлган кишилар учун мослаштиришдан иборатдир. Тўпланган маблағларга аудиогид, бўртма сурат ҳамда зарур анжомлар харид қилинади. Иштирок этиш бадали танланган масофага қараб 100 мингдан 150 минг сўмгача харид қилишади. Пойгага рўйхатдан ўтиш www.bukharanightrace.uz веб саҳифасида жорий йилнинг 12 сентябргача давом этди. Рўйхатдан ўтган ҳар бир иштирокчи ҳадя сифатида тадбир белгиси акс этган футболка ва халтача, тегишли масофалар маррасида белгиланган вақтни уддасидан чиқа олган ҳар бир пойга иштирокчилари эса эсдалик медали соҳиби бўлишади. Ихтиёрга кўра медалга ўймакорлик ишлови берилиши мумкин.
Тадбир доирасида меҳмонлар ва иштирокчилар учун маданий дастур ташкил этилди. Бундан ташқари, болалар майдончаси, кўчма тамадди масканлари ҳамда эсдалик учун суратга олиш жойлари тадбир қатнашчиларига хизмат қилди. Мусобақа билан боғлиқ барча фавқулодда қизиқарли лаҳзалар спорт сураткашлари томонидан тасвирга олинди.

Маълумот учун, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Ўзбекистонда маданият, санъат, адабиёт, театр, мусиқа, меъморчилик ва хореография соҳаларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ташаббускоридир. У халқаро маданий алоқаларни йўлга қўймоқда ва мамлакатнинг маданий салоҳиятини жаҳон минбарларида тарғиб этади.
Жамғарманинг узоқ муддатли дастурлари сирасига мамлакат маданият ўчоқларида жисмоний имконияти чекланган шахсларга бағрини кенг очувчи ва қулай муҳитни яратиш, музейларни кўркам қайта таъмирлаш, саховатпешаликни ривожлантириш ҳамда музей, театр ва бошқа маданият муассасалари учун кадрлар салоҳиятини шакллантиришга кўмаклашиш масалалари киради.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА