Бухорода хаттотлик санъатига бағишланган халқаро семинар ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилояти ахборот-кутубхона маркази томонидан “Хаттотлик санъати: анъана ва маҳорат” мавзусида халқаро семинар-тренинг ўтказилди.
Тадбирда хаттотлик санъатининг тарихи, миллий ва маънавий аҳамияти, шунингдек, амалий кўникмаларга оид маърузалар ҳамда машғулотлар ташкил этилди. Иштирокчилар хаттотликнинг нозик жиҳатлари, анъанавий услублар ҳамда маҳорат сирлари билан яқиндан танишди.
Ахборот-кутубхона маркази директори Ҳ. Қосимов муассаса фондида сақланаётган ноёб манбалар ва уларнинг илмий аҳамияти ҳақида маълумот берди.
Семинар доирасида покистонлик олим, профессор Ориф Навшоҳийнинг маърузаси тингланди. У Форс тили ва адабиёти академияси аъзоси бўлиб, қўлёзмашунослик, библиография ва тарихий манбаларни каталоглаштириш соҳасида етук мутахассис ҳисобланади.
Маъруза давомида форсий тилдаги ноёб манбаларни ўрганиш, уларни илмий тадқиқ этиш усуллари ҳамда ушбу мероснинг маънавий-илмий аҳамияти ҳақида атрофлича фикр юритилди.
[gallery-29251]
Шунингдек, Исломобод шаҳрида фаолият юритувчи илмий-тадқиқот маркази раҳбари Султон Аҳмад Али ҳам тадбирда иштирок этиб, ислом оламида тинчлик, барқарорлик ва бирликни мустаҳкамлашга қаратилган илмий ташаббуслар ҳақида сўз юритди.
Семинарда маҳаллий мутахассислар томонидан ҳам мавзуга оид муҳим маълумотлар тақдим этилди. Амалий қисмда хаттотлик бўйича маҳорат дарси ўтказилди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА