Бухорода халқаро улоқ-кўпкари турнири
Бухорода ўтказилган V халқаро жамоавий улоқ-кўпкари турнири нафақат кескин ва муросасиз баҳслар, балки самимий дўстлик учрашувлари билан ҳам ёдда қолди. Турли давлатлардан ташриф буюрган чавандозлар бу майдонга фақат ғалаба қозониш учун эмас, балки ўзаро ҳурмат ва бирдамлик руҳини мустаҳкамлаш мақсадида жам бўлишди.
Мусобақада Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой ва Россия жамоалари иштирок этиб, ўз маҳорат ва тажрибаларини намоён этди. Ушбу давлатлар вакиллари аввал ҳам турли мусобақаларда бир неча бор куч синашган, чиниққан ва юксак маҳорати билан ажралиб турадиган чавандозлардир. Шу боис, ҳар бир жамоани алоҳида ғолиб сифатида эътироф этиш мумкин — улар спортга бўлган фидойилиги, матонати ва миллий анъаналарга садоқати билан алоҳида эътиборга сазовор бўлди.
Дўстона учрашувлар жараёнида иштирокчилар Бухоронинг бой тарихий муҳитидан илҳом олиб, чавандозлик анъаналари қанчалик чуқур илдизларга эга эканини яна бир бор ҳис этишди. Бу заминда ўтказилаётган мусобақалар уларга буюк аждодлар меросини, хусусан, Соҳибқирон Амир Темур даврида шаклланган жасорат, ҳалоллик ва бирлик қадриятларини ёдга солди.
Қатнашчилар бир овоздан шуни таъкидладиларки, мазкур турнирда нафақат куч ва маҳорат, балки дўстлик ҳам ғалаба қозонмоқда. Самимий мулоқотлар, тажриба алмашуви ва илиқ муносабатлар спортнинг ҳақиқий моҳиятини янада ёрқин намоён этди.
Дарҳақиқат, Бухорода ўтказилган ушбу халқаро мусобақа спорт орқали халқларни яқинлаштириб, тарихий мерос ва замонавий қарашларни уйғунлаштирган муҳим майдонга айланди. Бу ерда ҳар бир иштирокчи жасорат, ҳалоллик ва дўстлик тимсоли сифатида намоён бўлди.
Турнир юқори савияда ташкил этилди ва миллий спортимизга хос шиддат ҳамда жўшқинлик билан ўз якунига етди. Майдонда ҳақиқий спорт кураши, эпчиллик, чидамлилик ва ирода намоён бўлди. Айниқса, якуний босқичлар томошабинларга унутилмас лаҳзалар ва катта ҳаяжон бахш этди.
Улоқ-кўпкари халқимизнинг асрлар давомида шаклланган, мардлик ва жамоавийликни ўзида мужассам этган миллий спорт тури сифатида ушбу мусобақада яна бир бор ўзининг бетакрор жозибасини намоён қилди. Бу турнир нафақат спорт беллашуви, балки миллий қадриятларимизни тарғиб этувчи муҳим маданий тадбир сифатида ҳам аҳамиятли бўлди.
Мусобақа жараёнларини вилоят ҳокими Ботир Зарипов, Миллий гвардия қўмондони ўринбосари Сарвар Мамаюсупов ҳамда спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов кузатиб борди. Улар томонидан мусобақанинг юқори даражада ташкил этилгани, иштирокчиларнинг пухта тайёргарлиги ва спортга бўлган юксак эътибор алоҳида эътироф этилди.
[gallery-28445]
Кескин ва қизғин баҳслар якунида 3-ўринни Ўзбекистон жамоаси қўлга киритди. Қирғизистон жамоаси фахрли 2-ўринни эгаллаган бўлса, Қозоғистон жамоаси мусобақанинг мутлақ ғолиби сифатида 1-ўринга сазовор бўлди.
Турнир якунида ғолиб ва совриндор жамоалар тантанали равишда тақдирланиб, уларга диплом, медал ва эсдалик совғалари топширилди. Ушбу халқаро мусобақа миллий спортимизни кенг тарғиб қилиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ҳамда давлатлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари