Бухорода устоз журналистлар хотирланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими ташаббуси билан вилоят матбуоти ривожига муносиб ҳисса қўшган фидойи журналистлар хотирасига бағишланган «Йўқотилмаган мерос» номли хотира тадбири ўтказилди.
Унда Бухоро журналистикаси тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган 160 нафар марҳум устоз журналист хотирланди. Уларнинг сермаҳсул ижодий фаолияти, касбий маҳорати ва бой маънавий меросини кенг тарғиб этиш, ёш авлодга етказиш тадбирнинг асосий мақсади бўлди.
[gallery-31798]
Тадбирга тайёргарлик жараёнида устоз журналистларнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида маълумотлар жамланиб, архив фотосуратлари тўпланди. Улар асосида устоз журналистларнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти акс эттирилган махсус кўргазмали материаллар тайёрланиб, тадбир иштирокчиларига намойиш этилди.
Хотира кечасида вилоят матбуоти тараққиётида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган Жўра Фозил, Жаҳонгир Исмоилов, Шодмон Сулаймонов, Комил Жўраев сингари кўплаб ижодкорларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, вилоятда фаолият кўрсатган босма нашрлар бош муҳаррирлари, фахрий журналистлар ва соҳа вакиллари сўзга чиқиб, марҳум ҳамкасбларининг журналистика ривожига қўшган ҳиссаси, касбий маҳорати ва ижодий йўли билан боғлиқ хотиралари билан ўртоқлашди.
Тадбирда марҳум журналист, адиб ва ижодкорларнинг оила аъзолари ҳам иштирок этди. Улар яқинлари ҳақидаги илиқ хотираларини ёдга олиб, уларнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига оид маълумотларни келажак авлод учун асраб қолиш муҳимлигини таъкидлади.
Тадбир доирасида жамланган маълумотлар, архив материаллари ва фотосуратлар асосида «Йўқотилмаган мерос» номли китоб нашр этиш таклифи ҳам илгари сурилди. Мазкур нашрда Бухоро журналистикаси тарихида муносиб из қолдирган устозларнинг ҳаёти ва ижодий меросини жамлаш, уларнинг фаолиятини кенг тарғиб қилиш кўзда тутилмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА