Бухорода терим техникаси сафи кенгаймоқда
Қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлигини ошириш, фермер ва деҳқонларни замонавий техника билан таъминлаш, етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Айниқса, мамлакатимиз иқтисодиётида стратегик аҳамиятга эга бўлган пахтачилик соҳасида замонавий технологияларни кенг жорий этиш, қўл меҳнатини камайтириш ва юқори унумдор техникалардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Президентимиз ташаббуси билан аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар янги босқичга кўтарилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 13 мартдаги “Аграр секторни замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашнинг навбатдаги чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида қишлоқ хўжалиги тармоғини замонавий, юқори унумли техникалар билан таъминлаш, ишлаб чиқариш жараёнларига илғор технологияларни жорий этиш каби муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Мазкур қарорда Бухоро вилояти учун ҳам аниқ вазифалар белгиланиб, 60 дона пахта териш машинасини харид қилиш кўзда тутилган эди. Бугун эса бу вазифа доирасидаги ишлар янада кенгайиб, вилоятда пахта терими мавсумини қисқа муддатларда ва сифатли ўтказиш учун 80 дона замонавий, юқори унумдор пахта териш агрегатларига буюртмалар олинди.
Бу оддий рақам эмас. Бу — пахта далаларида қўл меҳнатидан замонавий механизацияга, анъанавий теримдан юқори технологияли ишлаб чиқаришга ўтишнинг яққол ифодасидир.
Бухоро вилоятида пахтачилик билан шуғулланаётган қишлоқ хўжалиги корхоналари етиштирган ҳосилни ўз вақтида ва сифатли йиғиб олишга жиддий тайёргарлик кўрмоқда.
“Ўзагролизинг” АЖ Бухоро вилояти филиали томонидан қишлоқ хўжалиги корхоналари билан тузилган шартномалар асосида пахта теримида фойдаланиш учун дунёда ўзининг замонавий техника ва технологиялари билан танилган “JOHN DEERE”, “FM WORLD” ва “SWAN” компанияларининг янги пахта териш машиналари олиб келинди.
Жумладан, 19 дона — “JOHN DEERE”, 53 дона — “FM WORLD”, - 8 дона — “SWAN” русумли замонавий пахта териш машиналари. Шундай қилиб, жами 80 та юқори унумдор агрегат яқин кунларда Бухоро далаларида бошланадиган пахта йиғим-теримида ишга туширилади.
Бу техникаларнинг далага кириб келиши нафақат терим суръатини оширади, балки ҳосилни ёғингарчилик кунларига қолдириб қўймаслик, пахтанинг сифатини сақлаш ва нес-нобудгарчиликнинг олдини олиш имконини беради.
Айниқса, Бухоро иқлими шароитида ҳосилни ўз вақтида йиғиб-териб олиш муҳим. Чунки пахтанинг даладан омборгача бўлган ҳар бир куни унинг сифати ва иқтисодий қийматига таъсир қилиши мумкин. Замонавий техника эса ана шу вақтни тежайди.

Бухоро вилояти пахтачилигида нафақат техника, балки замонавий агротехнологиялар ҳам кенг жорий этилмоқда.
Вилоят пахта майдонларида “Шинжон усули”да чигит экиш, илғор агротехник тадбирларни қўллаш, ҳосилдор навларни танлаш ва автоматлаштирилган технологиялардан фойдаланиш ўз самарасини бермоқда.
Маҳаллий шароитга мослашган “Бухоро-8”, “Бухоро-10”, “Бухоро-102” каби серҳосил навлар билан бир қаторда, тажриба-синов тариқасида Хитойдан келтирилган “Chao Zang-88”, “Zoulin-88”, “Xin Lu Zao-57” каби навлар ҳам етиштирилмоқда.
Энг муҳими, бу жараёнда маҳаллий тажриба билан хорижий илмий-амалий ёндашув уйғунлашмоқда. Натижада пахтачиликда гектаридан олинаётган ҳосилдорликни аввалги йиллардаги 30–35 центнердан 50–55 центнерга етказиш мақсад қилинган.
Бу эса бир гектар ернинг имкониятини икки каррага яқин ошириш, мавжуд ресурслардан янада оқилона фойдаланиш ва пахтачиликни юқори даромадли тармоққа айлантириш учун мустаҳкам замин яратади.
Замонавий пахта териш машиналарининг энг катта афзаллиги — уларнинг иш унумдорлигида.
Жумладан, “JOHN DEERE” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган юқори унумли пахта териш машиналаридан сўнгги йилларда Бухоро вилояти далаларида ҳам самарали фойдаланиб келинмоқда. Ушбу техника бир кеча-кундузда 40 гектаргача майдондаги пахтани йиғиштириб олиш имкониятига эга. Яна бир муҳим жиҳати — терилган пахта хом ашёсини даланинг ўзидаёқ тойлаб, уни транспортда ташиш учун қулай ҳолатга келтиради.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, пахтани машинада териш натижасида меҳнат унумдорлиги уч бараваргача ошади, терим ишлари таннархи 20 фоизгача камаяди. Терим муддатининг 8–10 кунга қисқариши эса ер майдонларини ҳосилдан тезроқ бўшатиш ва кейинги агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш имконини беради. Бир кунда қарийб 20 тонна пахта териш имкониятига эга бўлган юқори унумли агрегатнинг иши кунлик 50–60 килограммдан пахта терадиган 400 нафаргача ишчининг меҳнатига тенг келади.
Демак, замонавий техника — шунчаки темир механизм эмас. У вақтни тежайди, инсон меҳнатини енгиллаштиради, харажатни камайтиради ва ҳосилнинг иқтисодий қийматини оширади.
Бугун Бухоро далаларида кузатилаётган жараённи биргина пахта терими билан чеклаб бўлмайди. Бу — аграр соҳада технологик янгиланишнинг муҳим кўринишидир.
Бир вақтлар тонг саҳарлаб қўлда бошланган ва кун бўйи давом этган терим ишлари энди замонавий агрегатлар ёрдамида қисқа муддатларда амалга оширилмоқда. Илгариги оғир жисмоний меҳнат ўрнини автоматлаштирилган тизимлар эгалламоқда. Бу эса қишлоқ хўжалигида меҳнат маданияти ва ишлаб чиқариш самарадорлигини тубдан ўзгартирмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан аграр соҳада техника ва технологияларни янгилашга қаратилаётган эътиборнинг замирида ҳам ана шу мақсад — ердан унумли фойдаланиш, фермер меҳнатини қадрлаш, ҳосилни нес-нобуд қилмаслик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари рақобатбардошлигини ошириш вазифаси мужассам.
Бухорода 80 та замонавий пахта териш машинасининг далага кириб келиши ана шу катта мақсадларнинг амалий ифодасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири