Бухорода раҳбарларнинг психологик ҳолати ўрганилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Бухоро вилояти филиалида психологик ишчи гуруҳи фаолият бошлади.
Филиал томонидан ташкил этилган психологик ишчи гуруҳи аъзолари томонидан 20 нафардан ортиқ бошқарма, ташкилот ва идораларнинг кадрлар бўлими бошлиқлари учун жамоавий тренинг ташкил этилди. Унда кадрлар бўлими бошлиқларининг ходимлар билан самарали мулоқот ўрнатиш, жамоага таъсир ўтказиш усуллари, шунингдек иш жараёнида юзага келаётган ижтимоий-психологик муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Малакали психологлар томонидан вилоятнинг барча туман ва шаҳар ҳокимларининг стрессга бардошлигини кучайтириш, ишдаги руҳий зўриқишларни олдини олиш ҳамда халқ билан мулоқот ўрнатишда дуч келадиган муаммоларни олдини олишга қаратилган индивидуал психологик суҳбатлар ҳам ўтказилди.
- Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида мазкур ишчи гуруҳи тузилди, -дейди филиалнинг Инсон ресурслари ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш бўлими бош инспектори Мурод Аминов. - Психологлар томонидан ўтказилаётган индивидуал суҳбатлар раҳбарларнинг келгусида фаолиятини самарали ташкил қилишга, ходимлар ва аҳоли билан мулоқотчанлик муҳитини шакллантиришга кўмаклашади.

- Психологик гуруҳи аъзолари томонидан индивидуал суҳбат ташкил этилди, -- дейди Ромитан тумани ҳокими Хуршид Тоҳиров. - Ушбу суҳбатлар ҳар ойда камида 2 маротаба ўтказилиши лозим деб ўйлайман. Сабаби раҳбарларнинг меҳнат фаолиятидаги ҳар бир ҳаракати инсон руҳияти билан боғлиқ. Бундай эркин суҳбатлар эса инсонни касби ва оиласига бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.
Суҳбат якунида психологлар томонидан ҳар бир раҳбарнинг психологик ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА