Бухорода “Қовун сайли” ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро шаҳридаги “Кўҳна ва боқий Бухоро” мажмуасида Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб, миллий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизни ўзида мужассам этган “Қовун сайли” ташкил этилди.
Ўттизинчи бор ўтказилган анъанавий “Қовун сайли” миришкор деҳқонлар, фермерлар, томорқа ер эгаларининг ҳақиқий маҳорат намойишига айланди.
Кўп минг йиллик тарихга эга қадимий воҳада асрлар оша шаклланган деҳқончилик маданияти, хусусан, полизчилик мактаби анъаналари 1996 йилдан буён ташкил этиб келинаётган “Қовун сайли” янада яққол намоён бўлади. “Кўкча”, “Амири”, “Новвоти”, “Бўрикалла”, “Кампирчопон”, “Даҳбеди”, “Шерози”, “Тошлоқи”, “Гулоби”, “Баргинай” каби ўттизга яқин бир-биридан хушхўр навли қовунларнинг таъми ва шираси ўзига хослиги билан ажралиб туради.
[gallery-31171]
Сайилда вилоятнинг барча туманидан келган 500 дан зиёд фермер хўжалиги ва вилоятдаги пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан танти деҳқонларимиз меҳнати маҳсули – 1 минг 500 тонна қовун-тарвуз шаҳарликлар дастурхонига тортиқ қилинди.
Ўз навбатида жорий йилдан бошлаб, фестивалда узумчилик соҳасидаги ибратли тажрибалар ҳам намойиш этилгани анъанавий сайилнинг кўлами нечоғли ошиб бораётганлигининг амалий тасдиғидир.
Бундан ташқари, сайилда турли мева-сабзавотлар, асаларичилик маҳсулотлари савдоси ҳам ташкил этилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов қатнашди.
Айнан Мустақиллик йилларида юртимиз тупроғи ва табиий иқлим шароитига мос, унут бўлиб кетган қовун навлари тиклангани, соҳага янги илмий асосланган технологиялар жорий этилгани, илғор деҳқонларнинг тажрибаси оммалаштирилгани қайд этилди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА