Бухорода Озарбайжон маданияти маркази очилади
Халқларни бир-бирига яқинлаштирадиган кўплаб кўприклар бор. Аммо асрлар синовидан ўтган тарих, муштарак маънавий қадриятлар, адабиёт ва санъат, илм-фан ва маърифат каби ришталарни ҳеч қандай масофа узолмайди. Ўзбек ва озарбайжон халқларини бирлаштириб турган ана шундай эзгу ва мустаҳкам ришталар бугун янги мазмун билан бойиб бормоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилди. Давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва ташаббуслари туфайли икки мамлакат ўртасидаги алоқалар нафақат иқтисодиёт ва инвестиция, балки таълим, илм-фан, маданият, санъат ва ёшлар соҳаларида ҳам изчил ривожланмоқда.
Айни жараённинг Бухородек қадимий илм ва маърифат масканидаги яна бир муҳим ифодаси — Бухоро давлат университетида Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази вакиллари билан ўтказилган учрашувда яққол намоён бўлди.
Учрашувда Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази директори Акиф Марифли, марказ бош маслаҳатчиси Юсиф Маммадов, Бухоро давлат университетининг ўқув ишлари бўйича проректори Рустам Жумаев, илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Камолиддин Самиев, шунингдек, университет вакиллари иштирок этишди.

Мулоқот давомида икки халқ ўртасидаги азалий тарихий-маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, таълим ва илм-фан соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, маданий меросни ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшлар ўртасида дўстлик ва ўзаро маданий алмашинувни кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувнинг энг муҳим ва диққатга сазовор ташаббусларидан бири — Бухоро давлат университетида Юсуф Қорабоғий номидаги Озарбайжон маданият марказини ташкил этиш таклифининг илгари сурилганидир. Бу ташаббуснинг рамзий ва маънавий аҳамияти беқиёс.
Зеро, Бухоро асрлар давомида Шарқ илм-фани, фалсафаси, адабиёти ва маърифатининг йирик марказларидан бири бўлиб келган. Юсуф Қорабоғийнинг илмий-маърифий мероси ҳам ана шу буюк Шарқ тафаккури ва маънавий уйғониш жараёнлари билан чамбарчас боғлиқ.
Янги маданият маркази икки халқнинг бой тарихини ўрганиш, Озарбайжон адабиёти, санъати, миллий қадриятлари ва илмий меросини Бухоро ёшларига яқинлаштириш учун ўзига хос маърифий кўприк вазифасини бажариши кўзда тутилмоқда.
Марказ учун университетнинг Тарих факультети ёки Спорт ва санъат факультетидан алоҳида хона ажратиш режалаштирилган. У ерда Озарбайжон Маданият маркази томонидан тақдим этиладиган адабиётлар, кўргазмали материаллар, миллий-маданий экспонатлар ва бошқа зарур жиҳозлар жойлаштирилади.
Шундай қилиб, бу маскан оддий кўргазма хонаси эмас, балки икки халқ тарихи, маданияти, илмий мероси ва маънавий қадриятларини ўзаро боғлайдиган жонли маърифат маркази бўлиши кутилмоқда.

Ҳамкорлик доирасида жорий йилнинг октябрь ойи охири ёки ноябрь ойи бошида Бухорода Озарбайжон маданияти кунлари руҳида кенг қамровли маданий-маърифий тадбир ва концерт дастурини ўтказиш режалаштирилди.
Бу тадбир Бухоро аҳли ва меҳмонларига Озарбайжоннинг бой миллий маданияти, мусиқаси, санъати, адабиёти ва урф-одатлари билан яқиндан танишиш имконини беради.
Тадбирлар доирасида Юсуф Қорабоғийнинг илмий-маърифий меросига бағишланган конференция ташкил этиш ҳам режалаштирилмоқда.
Конференцияда олимлар, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва ёш изланувчилар иштирокида Юсуф Қорабоғийнинг фалсафий қарашлари, илмий мероси ва Шарқ тафаккури тараққиётидаги ўрни ҳақида фикр алмашилади.
Энг муҳими, шу кунларда Бухоро давлат университетида Юсуф Қорабоғий номидаги Озарбайжон маданият марказининг тантанали очилиш маросими ҳам ўтказилиши кўзда тутилмоқда.
Бугун Бухорода барпо этилаётган бу маданий кўприк эртага Бухоро ва Озарбайжон ёшларини, олимларини, ижодкорларини ва зиёлиларини янада яқинлаштириши мумкин. Зеро, ҳақиқий дўстлик чегара билмайди — у тарихдан куч олади, маданият билан бойийди ва авлодлар қалбида яшайди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири