Бухорода “Келажак” марказлари директорлари форуми ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилоятида Республика “Келажак” маркази ташаббуси билан “Қўшимча таълим: Келажак директорлари форуми – 2026” ташкил этилди. Унда мамлакатимиз шаҳар ва туманларидаги “Келажак” марказлари директорлари, инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўйича бош мутахассислар, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари иштирок этди.
Форум қўшимча таълим тизимида фаолият юритаётган раҳбарларнинг касбий салоҳиятини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ва соҳани янада такомиллаштиришга қаратилган мулоқот майдони бўлди.
[gallery-30711]
Тадбирда мактаб ўқувчиларини мактабдан ташқари таълим ташкилотларига кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида “Келажак” марказлари томонидан амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, истиқболдаги устувор вазифалар белгилаб олинди. Шу билан бирга, масъул ходимлар малакасини ошириш, Бухоро вилояти “Келажак” маркази фаолияти ва илғор тажрибасини ўрганиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Форум дастури доирасида кўп йиллик тажрибага эга раҳбарлар, етакчи менторлар ва экспертлар иштирокида маърузалар ҳамда маҳорат дарслари ташкил этилди. Иштирокчилар учун “Раҳбарнинг таянч компетенциялари”, “Марказ низоми ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлаш”, “Қўшимча таълим тизимида стратегик бошқарув ва замонавий ўқув дастурларини жорий этиш механизмлари”, “Ахборот таҳлили, ижро интизоми ва мурожаатлар билан ишлаш” мавзуларида амалий машғулотлар ўтказилди.
Маълум қилинганидек, туман (шаҳар) “Келажак” марказлари директорлари Республика “Келажак” маркази томонидан икки босқичли, икки мавсумдан иборат танлов асосида саралаб олинган. Аризалар tanlov.uzedu.uz платформаси орқали онлайн қабул қилинган. Танловнинг биринчи мавсумида ҳар бир вакант лавозим учун ўртача 18 нафар номзод ҳужжат топширган бўлса, иккинчи мавсумда бу кўрсаткич қарийб 28 нафарга етган.
Форум доирасида Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова иштирокчилар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА