Бухорода IV аср олдин чизилган деворий расмлар топилди
Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, шаҳарнинг тарихий марказидаги собиқ Шаҳристон бозори ҳудудида Америка Қўшма Штатларидаги Нью-Йорк университети ҳузуридаги қадимги дунёни ўрганиш институти профессори Сорен Старк (New York University, Institute for the Study of the Ancient World, Sören Stark) бошчилигидаги бир гуруҳ тадқиқотчилар томонидан олиб борилган археологик тадқиқотлар якунланди.
Натижада археологлар томонидан қазилган иккинчи хандақдан (Траншея II) деворий расмнинг маълум бир қисмлари деб тахмин этилаётган қолдиқлар топилди.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ушбу деворий расмлар қолдиқлари Варахшадаги Бухорхудотлар саройидан топилган деворий расмлардан тахминан IV аср олдинги даврлар давомида ишланган.

Археологларнинг янги топилмалари фақат ушбу деворий расмлар билан якунлангани йўқ. Тадқиқотчилар ноодатий сирланган яшил от шаклидаги болалар ўйинчоғини ҳам топишган.

Тадқиқотчилар кейинги йилда ҳам ушбу ҳудудда археологик қазилма ишларини олиб боришни режалаштирган.

Зариф Комилов, ЎзА