Бухорода АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги кенг нишонланди
Тарих ва тамаддунлар чорраҳаси бўлган қадим Бухоро яна бир бор дўстлик ва ҳамкорлик руҳи устувор бўлган халқаро тадбирга мезбонлик қилди. Бу сафар шаҳарда мусиқа, санъат ва рақслар уйғунлигида ўтган байрамона кеча нафақат муҳим тарихий саналарни нишонлаш, балки турли халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва яқинликни яна бир бор намоён этиши билан аҳамиятли бўлди.
Америка Қўшма Штатлари мустақиллигининг 250 йиллиги ҳамда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 34 йиллиги муносабати билан Бухоро шаҳрида тантанали маданий-кўнгилочар тадбир ташкил этилди.
Тадбирда янграган мусиқа садолари, жозибали рақслар ва санъаткорларнинг жонли ижроси шаҳарга ўзига хос байрамона кайфият бағишлади. Меҳмонлар учун махсус тайёрланган концерт дастурида замонавий мусиқа ва рақс санъатининг энг сара намуналари намойиш этилди.
Кеча давомида таниқли DJ King Macarella, “Double Touch” рақс гуруҳи ҳамда бухоролик санъаткорлар ўз чиқишлари билан тадбир иштирокчиларига унутилмас таассурот улашди. Замонавий мусиқа оҳанглари, маҳорат билан ижро этилган рақслар ва санъаткорларнинг жонли чиқишлари байрам муҳитини янада кўтаринки руҳга олиб чиқди.


Аслида, санъатнинг тили чегара билмайди. У турли тилларда сўзлашадиган, турли маданият ва анъаналарга эга инсонларни ягона туйғу атрофида бирлаштира олади. Бухорода ўтказилган мазкур байрамона кеча ҳам ана шу ҳақиқатнинг ёрқин ифодаси бўлди. Мусиқа ва рақс орқали турли маданиятларнинг ўзига хос жиҳатлари намоён этилар экан, тадбир иштирокчилари ўртасида самимий мулоқот ва дўстона муҳит шаклланди.
Америка Қўшма Штатлари мустақиллигининг 250 йиллиги каби тарихий сана Ўзбекистонда нишонланаётгани икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар бугун сиёсий ва иқтисодий алоқалар билан чекланиб қолмаётгани, инсонлараро ва маданий мулоқотлар ҳам тобора кенгайиб бораётганини кўрсатади. Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 34 йил тўлиши ҳам ана шу ҳамкорликнинг салмоқли тарихга эга эканидан далолат беради. Ўтган давр мобайнида икки давлат ўртасида сиёсат, иқтисодиёт, таълим, маданият ва бошқа қатор йўналишлардаги алоқалар изчил ривожланиб келмоқда.
Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида очиқлик, ўзаро ишонч, тенг ҳуқуқли ва манфаатли ҳамкорлик тамойиллари муҳим ўрин эгалламоқда. Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатнинг хорижий давлатлар, жумладан, АҚШ билан ўзаро манфаатли муносабатларни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.


Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсатнинг муҳим жиҳатларидан бири — дўст ва ҳамкор давлатлар билан нафақат расмий мулоқотларни, балки халқлар ўртасидаги бевосита алоқаларни ҳам кенгайтиришдир.
Бундай ёндашув, айниқса, маданият ва санъат соҳасида яққол намоён бўлади. Чунки маданий дипломатия халқларнинг бир-бирини яхшироқ англаши, миллий қадриятлар ва анъаналарга ҳурмат билан қараши, ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаши учун беқиёс аҳамиятга эга.
Бухородаги байрамона кеча ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилди. Тадбир доирасидаги ҳар бир чиқиш, ҳар бир мусиқий оҳанг ва рақс нафақат томоша, балки икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувнинг ўзига хос ифодаси бўлди.
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги дипломатик муносабатларга 34 йил тўлган бир пайтда бундай маданий тадбирларнинг Бухорода ўтказилиши ҳам алоҳида рамзий маънога эга.
Асрлар давомида Шарқ ва Ғарбни боғлаб келган Бухоро бугун ҳам халқаро мулоқот ва маданий ҳамкорлик майдони сифатида ўз нуфузини намоён этмоқда. Қадимий шаҳар кўчаларида янграган замонавий мусиқа садолари эса тарих ва бугунги кун уйғунлигининг ёрқин манзарасини яратди.


Бугунги кунда мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамлиги нафақат давлатлараро келишувлар, балки халқларнинг бир-бирини қанчалик яхши англаши ва ҳурмат қилиши билан ҳам белгиланади. Шу маънода, маданият, санъат ва инсонлараро мулоқотлар стратегик ҳамкорликнинг муҳим ва таъсирчан воситаларидан биридир. Зеро, тарих саналар билан ўлчанади, аммо халқлар ўртасидаги дўстлик самимий мулоқотлар билан мустаҳкамланади. Бухорода янграган мусиқа садолари эса ана шу дўстликнинг янги ва ёрқин саҳифасини очди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири