Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
“Ўзэнергоинспекция” Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан навбатдаги назорат тадбири ўтказилди.
Натижада Олот туманида жойлашган “J.M.K.T.K.” МЧЖга қарашли тиббиёт марказида газ ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатилганлиги аниқланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қоидабузарлик натижасида газ таъминоти корхонасига 482,4 миллион сўмлик зарар етказилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
* * *
Мажбурий ижро бюроси Бухоро вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари иш юритувидаги номулкий турдаги ижро ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилда иш юритувда жами 3 105 та номулкий турдаги ижро ҳужжатлар бўлиб, шундан 1 538 таси ноқонуний қурилма бузиш, 281 таси уйга киритиш ёки чиқариш, 415 таси бола олиб бериш ёки бола билан учраштириш, 537 таси мажбурият юклаш, 32 таси ишга тиклаш ва 302 таси бошқа номулкий турдаги ижро ҳужжатларни ташкил этган.
Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида 1 016 та ижро ҳужжатлар бўйича якуний қарорлар қабул қилинган бўлса, шундан 701 та ижро ҳужжатларнинг ижроси амалда тамомланган.
Мисол учун, фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг ижро ҳужжатига кўра ундирувчи фуқаро Бухоро муҳандислик-технология институтининг бош энергетик лавозимига ишга тикланиб, ижро иши амалда тамомланган.
* * *
Бухоро вилояти Вобкент туманидаги Саноат ва транспорт техникумининг бўш турган биносида “Илк ривожланиш маркази” ўз фаолиятини йўлга қўйди. Ушбу марказ эҳтиёжманд оилалар фарзандларини бепул мактабгача таълим билан қамраб олиш, уларнинг келажак ҳаётига мустаҳкам пойдевор қўйиш мақсадда ташкил этилди.

Замонавий тарзда таъмирланган марказда кичкинтойлар учун ёруғ ва қулай машғулот хоналари, ўқув-услубий жиҳозлар ҳамда хавфсиз ўйин майдончалари яратилган. Дастлаб 240 нафар болалар қамраб олиниб, таълим жараёнлари икки сменада тўрт соатдан олиб борилади.

Шунингдек, алоҳида парваришга муҳтож, инклюзив (имконияти чекланган болалар) таълимга эҳтиёжи бўлган болалар ҳам эътибордан четда қолмайди. Улар учун уйга ташриф буюрилган ҳолда индивидуал таълим ташкил этилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.