Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Бухорода ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатларни фош этишга қаратилган назорат тадбирлари давом этмоқда.
Хусусан, Бухоро туманидаги якка тартибдаги тадбиркор С.Р. ўзига тегишли новвойхонадаги тандирларни ҳисоблагичдан ташқари газ тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, 218 миллион сўмлик 176,6 минг куб метр табиий газни талон-торож қилган.


Мазкур ҳолат юзасидан С.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов давомида етказилган зарар қопланган.
* * *
“Ўзэнергоинспекция” Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси, вилоят прокуратураси ва газ таъминоти корхонаси ҳамкорлигида ўтказилган назорат тадбирида Жондор туманида жойлашган “А.” нодавлат таълим муассасасига қарашли газ қурилмалар бойпас йўли билан тармоққа уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланди.

Ушбу қоидабузарлик натижасида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра газ таъминоти корхонасига 768 миллион сўмлик зарар етказилганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
* * *
Ижтимоий ҳимоя тизими бугунги кунда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига манзилли ёрдам кўрсатишда самарали механизмга айланиб бормоқда. Когон туманида яшовчи Зубайда Изомова 2-гуруҳ ногирони. Унинг ижтимоий ҳолатини ўрганиб чиққан маҳалла ижтимоий ходим Гулшод Жалилова томонидан бир қатор зарур чоралар кўрилди.

Зубайда Изомованинг кундалик эҳтиёжларини ҳисобга олиб, унга компенсация тўлови тайинлаш учун ариза расмийлаштирилди. Шунингдек, қизи учун ҳам бола нафақаси тайинлаш бўйича ариза топширилиб, расмийлаштирилди.

“Маҳалла еттилиги” кўмагида Зилола Изомовага тикув машинаси берилди. Бу эса уни оилавий қўшимча даромад манбаига эга бўлишига имкон яратди.
Бугун ҳар бир маҳаллада фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар эҳтиёжманд инсонлар билан давлат ўртасидаги ишонч кўпригидир. Когон туманидаги Гулшод Жалилова каби ижтимоий ходимларнинг фидокорона хизмати туфайли минглаб инсонлар ҳаётида ижобий ўзгаришлар юз бермоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.