Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида ўтказилаётган иккинчи минтақалараро ҳамкорлик форуми доирасида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги делегация Москва шаҳрида бўлиб турибди. Форум доирасида Россия бизнес вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.
Бухоро делегацияси Миллий улгуржи тарқатиш марказлари асоциацияси (НАОРЦ)га ташриф буюрди. Мазкур ассосация таркибида турли хил йўналишдаги ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд. 180 нафар аъзоси бор. Уларнинг 15 нафари хорижий аъзолардир.
Учрашув давомида ассоцация ижрочи директори В.Лишук билан музокаралар олиб борилди.

Музокаралар чоғида Реторт пакетларида тайёр овқатлар (мазкур овқатлар 2 йил муддатда сақланиш имкониятига эга), янги технология асосида биогумус моддали ўғитлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва экспортга йўналтириш бўйича улгуржи марказлар ташкил этиш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Ўзбекистон бағрикенг диёр
Президентимиз ташаббуси билан 16 ноябрь-Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан Бухоро вилоятининг кўп миллатли Вобкент туманида ҳам тадбирлар кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.
Давлат раҳбари ташаббуси билан Ширин қишлоғида этно, эко-агро ва маданий туризм йўналишини акс эттирувчи “Туризм қишлоғи” ташкил этилган.

– Қишлоқ Ипак йули устида жойлашган бўлиб, 2500 йил тарихга эга, –дейди Вобкент тумани Туризм ва спорт бўлими туризм мутахассиси Райхон Холиқова. – Қишлоқда қадимий ҳунармандчилик турларидан 15 таси сақланиб қолган. 20 та меҳмон уйлари тайёрланиши кўзда тутилган бўлиб, айни кунга қадар 10 та меҳмон уйлари фаолият юритаяпти. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Вобкентнинг Ширин қишлоғи туризм маршути учун энг қулай жой ҳисобланади. Жорий йилда туманда туризм маршутлари яна 3 тага кўпаяди.
Этно туризм –бу қишлоқ туризми дейилади. Сайёҳлар қишлоқ ҳаёти, қишлоқ одамларининг фаолияти билан танишади. Шунингдек, уларнинг яшаши, меҳнат фаолияти, уй юмушларини кўзлари билан кўриб, ўзлари ҳам бажариш имкониятига эга бўлади. Масалан тандир нон, сомса ёпишади. Ўчоқда овқат пиширади, сигир соғади, томорқада экин экади. Табиат қўйнида дам олиб, қишлоқ ҳаёти билан танишади.
Ҳафталик доирасида тумандаги "Ширин" қишлоғида "Миллатлараро тотувлик-тинчлик гарови", "Дўстлик жамиятлари", "Дўстликни тараннум этган юрт" каби лойиҳалар доирасида маънавий маърифий тадбирлар ўтказилди.

“Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида Ширин қишлоғида ҳам Халқаро бағрикенглик куни кенг нишонланди. Қишлоққа ташриф буюрган сайёҳлар ҳафталикда фаол иштирок этди.
– Ўтин ёқиб нон ёпиш мен учун жуда қизиқ, – дейди франциялик сайёҳ Катя Твин. – Ширин қишлоғида ташкил этилган Этно туризм қишлоғида келиб қишлоқ аёлининг ҳар кунлик меҳнатини кўрдим. Унга қўшилиб ўзим ҳам нон ёпдим, сигир соғдим. Бундан жуда ҳам хурсанд бўлдим, мазза қилиб ёпган сомсаларимдан едим. Жуда ҳам мазали тандир сомса кайфиятимни кўтариб юборди.
Лекин тандирда ёнаётган оловни кўриб дастлаб чўчидим. Лекин ўрганса бўлади. Бунинг учун жуда кучли бўлиш керак экан. Ўзбек аёли кучли эканлигини шундан ҳам билса бўлади. Ҳафталик доирасида кўплаб тадбирларда ҳам қатнашиб келаяпман. Ўзбекистон бағрикенг диёр эканлигига гувоҳ бўлдим.

Тадбирда кўргазмали чиқишлар, миллий ўйинлар, қўл ҳунарлари иштирокчилар ва чет эл фуқароларини эътиборини ўзига жалб этмоқда.
Пора берган шахс қўлга олинди
Ғиждувон туманида ички ишлар органи ходимига пора берган шахс қўлга олинди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Департаментнинг Ғиждувон тумани бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида Ғиждувон тумани Оқработ маҳалласида яшовчи, 1987 йилда туғилган фуқаро И.Э. унга нисбатан Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод тумани суди томонидан тайинланган “Мажбурий жамоат ишлари жазоси”ни бошқа жазо турига ўзгартириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 451-моддаси тартибида тўпланган ҳужжатларни судга юбормаслик ва унинг ўрнига мажбурий жамоат ишларида бошқа одам ишлашига шароит яратиб бериш эвазига туман ИИБ Пробация гуруҳи масъул ходимига 100 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилганлиги аниқланади. Натижада ходимнинг хизмат хонасида унга 900 минг сўм пулларни берган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинади.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро И.Э.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА