Бухоро вилояти: қурилиш ишлари назоратда
Бухоро шаҳри қиёфасини ўзгартириш ва маънан эскирган уй-жойлар ўрнига замонавий ва кўркам бинолар қуриш мақсадида 2018 йилда реновация дастури тасдиқланган. Унга кўра, Бухоро шаҳридаги 59 та кўп қаватли (788 та хонадон, 136 та нотурар объектлар) ҳамда 85 та якка тартибдаги уй-жойларнинг қайта қурилиши белгиланган. Реновацияга тушган уй-жойлар ўрнига 68 та кўп қаватли турар – жойлар қурилиши режалаштирилган.
Ўтган давр мобайнида реновация асосида Бухоро шаҳрининг Низомий, Наврўз, Ибн Сино, Фурқат ҳамда Ж.Икромий номли маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида замонавий лойиҳалар асосида 26 та (378та хонадон, 73 та нотурар объектлар) кўп қаватли уйлар қурилди.

Вилоят прокуратурасидан олинган маълумотга кўра, қолган 42 та кўп қаватли уй-жойларнинг қурилиши вилоят ҳокими, прокуратура, ички ишлар ва солиқ бошқармаси бошлиқлари томонидан алоҳида назоратга олиниб, вилоят ҳокимининг фармойиши билан қурилиш ишларини якунлаш бўйича режа-графиклар ишлаб чиқилган. Мазкур уйларнинг белгиланган муддатларда, сифатли қурилиши ва фойдаланишга топширилиши алоҳида назоратга олинган.
Ўтказилган назорат тадбирларида айрим сохта тадбиркорлар томонидан фуқароларга уй-жой қуриб беришни ваъда бериб, фирибгарлик йўли билан уларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштирганликлари аниқланди.
Масалан, фуқаро Паянов жами 362 нафар фуқароларга уй қуриб беришни ваъда қилиб, уларнинг 40 миллиард сўм пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Тергов давомида зарарни қоплаш мақсадида Паяновга тегишли бўлган Бухоро шаҳридаги қурилиши тугалланмаган 5 та кўп қаватли уйлар ҳамда Ўтрор мавзесидаги 10 та замонавий коттежлар хатланди. Ҳозирда жиноят иши суд муҳокамасида кўриб чиқилмоқда.

Ироқ фуқароси Мохаммед Ал-Даббаҳ Бухоро шаҳар Б.Нақшбанд кўчасида кўп қаватли уй-жой қуриб беришни ваъда бериб, 20 нафар фуқаронинг 2,9 миллиард сўмлик пул маблағларини нақд ва пул кўчириш йўли билан қўлга киритган. Фирибгарлик жиноятини содир қилган Мохаммед Ал-Даббаҳга нисбатан сиртдан айб эълон қилиниб, қидирув эълон қилинди.Прокуратура томонидан 20 нафар фуқаронинг манфаатини кўзлаб, зарарни ундириш ва ундирувни қурилиши тугалланмаган уй-жойга қаратиш тўғрисида судга даъво аризалар киритилди.
Суд томонидан прокурор даъволари тўлиқ қаноатлантирилиб, етказилган зарар Бухоро шаҳар Б.Нақшбанд кўчасидаги қурилиши тугалланмаган уй-жойларга қаратилди. Ушбу уй-жойлар белгиланган тартибда баҳоланиб, аукционда сотилиши ва жавбрланувчиларга зарар ўрнини қоплашга қаратилиши таъминланади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА