Бухоро тарихий меросини келажак иқтисодиёти билан боғлаётган шаҳар сифатида намоён бўлмоқда
Қадимий шаҳарнинг янги халқаро эътирофи. Бухоро — тарихни фақат сақлаб келаётгани йўқ, уни бугунги кун билан уйғунлаштириб, келажак сари дадил қадам ташлаётган шаҳар. Асрлар давомида бу заминда илм-фан, меъморлик, адабиёт, мусиқа, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ маданияти юксалиб, Бухорони Шарқ цивилизациясининг муҳим марказларидан бирига айлантирган. Бугун эса ана шу улкан маънавий ва маданий мерос замонавий ижодий иқтисодиёт, туризм ва халқаро ҳамкорлик билан уйғунлашиб, шаҳар тараққиётининг янги қирраларини намоён этмоқда.
Шу маънода ЮНЕСКО томонидан Бухоро шаҳрининг 2027 йилда “Ижодкор шаҳарлар” тармоғининг халқаро конференциясига мезбон шаҳар сифатида танланиши оддий тадбир эмас. Бу — Бухоронинг тарихий-маданий салоҳияти, кўп асрлик ҳунармандчилик мактаби, ижодий муҳити ва халқаро маданий алоқалардаги ўрнига берилган юксак баҳодир. Эътиборлиси, Ўзбекистонда маданий меросни асраб-авайлаш билан бирга, уни замонавий тараққиётнинг муҳим ресурсига айлантириш, ҳудудларнинг сайёҳлик ва ижодий салоҳиятини кенг намоён этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Давлат раҳбари ташаббуслари асосида туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоғи сифатида ривожлантириш, миллий ҳунармандчилик ва ижодий индустрияларни қўллаб-қувватлаш, тарихий шаҳарларни халқаро майдонга олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишлар Бухоронинг бугунги нуфузида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
2027 йилда Бухорода ўтказилиши режалаштирилаётган халқаро конференцияда 110 га яқин мамлакатдаги 408 та ижодкор шаҳар вакилларининг иштирок этиши кутилмоқда. Бу рақамлар анжуман кўламини тасаввур қилиш учун кифоя. Дунёнинг турли минтақаларида ижод, маданият, дизайн, ҳунармандчилик, адабиёт, мусиқа, медиа ва бошқа креатив йўналишларни шаҳар тараққиёти билан боғлаб келаётган марказлар вакиллари бир майдонда жамланади. Демак, Бухоро бир неча кун давомида нафақат меҳмонларни қабул қилади. У дунё шаҳарлари ўртасидаги ғоялар, тажрибалар ва ташаббуслар алмашинувининг муҳим нуқтасига айланади. Бу эса Бухоро учун катта имконият. Чунки конференция доирасида хорижий делегациялар шаҳарнинг тарихий обидаларини томоша қилиш билан чекланиб қолмай, унинг жонли маданий муҳити, миллий ҳунармандчилиги, устоз-шогирд анъаналари, замонавий ижодкорлари ва янги авлод вакиллари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади.
Бухоронинг ижодий салоҳиятини фақат тарихий ёдгорликлар билан ўлчаб бўлмайди. Шаҳарнинг энг катта бойлиги — унинг тирик маданий муҳити. Мисгарлик, заргарлик, каштачилик, кулолчилик, зардўзлик, гиламдўзлик, ёғоч ўймакорлиги каби ҳунармандчилик йўналишлари асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келган. Ҳар бир нақш, ҳар бир буюм, ҳар бир устахона ортида муайян тарих, мактаб ва ҳаёт тарзи мужассам. Эндиликда ушбу анъаналарни замонавий дизайн, рақамли технологиялар, электрон савдо, халқаро маркетинг ва креатив индустриялар билан уйғунлаштириш учун янги имкониятлар пайдо бўлмоқда.

ЮНЕСКО конференцияси ана шу жараёнга янги суръат бериши мумкин. Зеро, халқаро тажриба алмашинуви орқали Бухоро ҳунармандлари ва ижодкорлари дунёдаги янги тенденциялар билан танишади, хорижий ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатади, янги бозорларга чиқиш ва ижодий маҳсулотларни халқаро миқёсда тарғиб қилиш имкониятларини кенгайтиради.
Бухоронинг “Ижодкор шаҳарлар” халқаро конференциясига мезбонлик қилиши туризм нуқтаи назаридан ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бугун замонавий сайёҳ фақат тарихий обидани кўриш билан кифояланмайди. У шаҳарнинг руҳини ҳис қилиш, унинг маданиятини англаш, маҳаллий аҳоли ҳаёти билан танишиш ҳамда ноёб тажрибаларни бошдан кечиришни истайди. Бухоро эса бундай тажрибалар учун улкан имкониятларга эга.
Лаби Ҳовуз атрофидаги муҳит, қадимий бозорлар, савдо гумбазлари, мадрасалар ва масжидлар, ҳунармандлар устахоналари, миллий таомлар, анъанавий санъат ва замонавий ижод намуналари бир-бирини тўлдириб, сайёҳ учун ягона маданий маконни яратади. Шу боис конференцияни шунчаки бир марталик халқаро тадбир сифатида эмас, Бухоронинг янги туристик брендини янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим имконият сифатида баҳолаш мумкин. Энг муҳими, халқаро эътироф Бухоро олдига янги вазифаларни ҳам қўяди. Жаҳоннинг 110 га яқин мамлакати ва 408 та ижодкор шаҳри вакилларини қабул қилиш — шаҳарнинг меҳмондўстлиги, инфратузилмаси, хизмат кўрсатиш сифати, маданий дастурлари ва ижодий муҳитини янада такомиллаштиришни тақозо этади. Бу жараёнда ҳар бир музей, ҳар бир тарихий иншоот, ҳар бир ҳунармандлик устахонаси, ҳар бир маданий тадбир Бухоронинг халқаро қиёфасини шакллантирувчи омилга айланади. Шунинг учун конференцияга тайёргарликни фақат тадбир ўтказиладиган кунларга мослаштириш эмас, балки шаҳарнинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясининг бир қисми сифатида кўриш муҳим.
Бухоро бугун ўзининг тарихий меросини келажак иқтисодиёти билан боғлаётган шаҳар сифатида намоён бўлмоқда. Бу ерда қадимий ҳунар — янги бизнесга, маданий мерос — туризм маҳсулотига, ижод — янги иш ўринларига, халқаро мулоқот эса янги ҳамкорликларга айланиши мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири