Бухоро шаҳридаги тирбандликлар бартараф этилади
2021 йилнинг 11 ойи давомида Бухоро шаҳрида 2020 йилнинг шу даврига нисбатан жами йўл-транспорт ҳодисалари сони 9,2 фоизга ёки 76 тадан 83 тага, тан жароҳати билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар 10,9 фоизга ёки 64 тадан 71 тага кўпайган. Бунда ўлим билан боғлиқ фожеалар қайд қилингани ниҳоятда ташвишланарли.
Айни кунда Бухоро шаҳрида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг таҳлилига асосланиб, автомобиль йўллари ва шаҳар кўчалари қизил, сариқ ва яшил ҳудудларга ажратилган. Мазкур ҳудудларда куннинг “Тиғиз вақти” да йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида куч воситалар етарли даражада тақсимланган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, автомобиль йўлларида тирбандликларни юзага келтирувчи асосий омиллар хусусида вилоят марказида 350 дан ортиқ кўп қаватли турар жой мажмуи бунёд қилингани, урбанизация, яъни аҳоли сони ошгани, аниқроғи, шаҳарда яшашга бўлган талаб ва эҳтиёж кучайиб бораётганлигини кўрсатмоқда.
Корхона-ташкилот, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа муассасалар, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, дам олиш масканлари шаҳарда жойлашганлиги, иш ва ўқиш вақтлари куннинг бир хил пайтида белгилангани, йўл инфратузилмасидаги нуқсон ва камчиликлар, ерусти ўтказгичлари, ерости ва пиёдалар, қолаверса, транспорт сони кескин ошгани шаҳарда тирбандликлар содир бўлишига замин яратмоқда.
2010 йилда вилоят марказида 24 минг 800 дан ортиқ улов қайд этилган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич 33 минг 800 тани, 2021 йилда эса 43 мингтани ташкил этмоқда. Аҳоли сони қарийб 300 минг нафарни ташкил этаётган бугунги кунда йўлларда транспорт оқими янада кучайиши тайин. Бу эса зарур чора-тадбирларни кўришни тақозо этмоқда. Шу боисдан бугун Бухоро шаҳрида автомобиль йўллари ва шаҳар кўчаларини халқаро меъёрлар асосида қуриш, қайта қуриш ва жорий таъмирлаш ишларига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Статистик маълумотларга қараганда, бугунги кунда Бухоро шаҳри ҳудудида 50 мингга яқин автомобиль ҳаракатланмоқда.
“Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари»га асосан шаҳар кўчаларининг ҳар бир тасмасининг (полосаси) ўтказувчанлиги 750-850 та автомобиль/соат белгиланган. Мониторинг тарзида ўтказилган изланишлар натижасида Бухоро шаҳар ҳудудидаги асосий магистрал кўчаларнинг баъзиларида бу кўрсаткич ҳозирги кунда 900-1000 та автомобиль/соатни ташкил қилганлигини кўрсатди.
Шаҳардаги асосий магистрал кўчаларда автомобиллар тирбандликлари кузатилиб, транспорт воситаларининг бир суткадаги ўртача жадаллиги И.Каримов кўчасида 57 минг 888 авто/суткани, Б.Нақшбанд кўчасида 39 минг 31 авто/суткани, Мирдўстим ва Ҳавзи нав кўчаларида 45 минг 230 авто/суткани, Ғиждувон кўчасида 51 минг 23 авто/суткани ҳамда М.Иқбол кўчасида 45 минг 177 авто/суткани ташкил этмоқда.
Бухоро шаҳрига бошқа туманлардан бир кеча-кундузда ўртача 15-20 мингтагача автотранспорт воситалари кириб-чиқаётганини инобатга олсак, тирбандликлдарни бартараф этиш жуда муҳим аҳамиятга эга.
Мутахассисларнинг фикрича, шаҳар марказини транзит ўтувчи ва вақтинча келган автотранспорт воситаларидан холи қилиш, Бухоро шаҳар ҳудудида, шаҳарга кирувчи асосий автомобиль йўлларининг четида (ётоқхона, дам олиш, маиший, тиббий хизмат кўрсатиш бинолари, автомобилларни ювиш ва уларга техник сервис кўрсатиш жойлари, енгил ва юк автомобиллари учун махсус жиҳозланган автотураргоҳлар ҳамда жамоат транспорти учун шоҳбекатларга эга бўлган ва халқаро талабларга жавоб берувчи) автокемпинглар қуриш, Бухоро халқа йўлида олиб борилаётган қурилиш таъмирлаш ишларини якунига етказиб, автомобиль йўлидан шаҳар ҳудудига юк автомобиллари киришини тақиқлаш мақсадга мувофиқ.
Шаҳар ҳудудидаги тирбандликларни бартараф қилиш, транспорт воситаларининг оқимини кўчаларда бир текисда тақсимланишини таъминлаш мақсадида Алпомиш кўчасининг “Динамо” айланма ҳаракатидан “Бухоро-2” темир йўл станциясигача кенгайтириб таъмирлаш. “Бухоро-2” станциясидан А–380 автомобиль йўлига янги йўл(йўл ўтказгич) қуриш, М.Бурҳонов, Саноатчилар ва С.Юренев кўчаларини кенгайтириб таъмирлашни тақозо этмоқда.
Бу ишлар амалга оширилса, Б.Нақшбанд, М.Бурҳонов И.Каримов кўчаларидаги тирбандликлар олди олинади.
Ж.Икромий, Оқмачит ва Дилкушо кўчаларини кенгайтириб, реконструкция қилиш ҳамда Жарқоқ ва Гулшан кўчалари орқали янги йўл қуриш амалга ошса, Б.Нақшбанд, И.Каримов ва Ғиждувон кўчаларидаги тирбандликлар ҳам ўз ечимини топади. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси биноси олдидан “Ипотекабанк” вилоят филиали орқали М.Иқбол кўчасига ҳамда М.Иқбол кўчасидан Қ.Муртазоев кўчасига янги йўл чиқариш зарур.
А–380 автомобиль йўлининг 228 километридаги “Жўйзар” йўл ўтказгичи орқали М–37 автомобиль йўлига янги йўл чиқариш ҳамда А-380 автомобиль йўлининг 214-километри (“Калинин” чорраҳаси)дан Бухоро ҳалқа йўлининг қурилиш ишлари олиб борилаётган қисмини якунига етказиш лозим. Бунинг натижасида Ғиждувон, Газли шох кўчаларидаги тирбандликлар бартараф этилади. А-380 “б” “Бухоро халқа йўли” автомобиль йўлини 4-13 километрларини кенгайтириб таъмирлаш ҳамда Намозгоҳ ва Қ.Муртазоев кўчалари кесишган қисмидан А-380 “б” автомобиль йўлига янги йўл қуриш тақозо этилмоқда. Бу лойиҳа туфайли Мирдўстим ва Ҳавзи нав кўчаларидаги тирбандликлар олди олинади.
Ғиждувон ва Газли шоҳ кўчалари кесишган чорраҳада, шу билан бирга “Б.Нақшбанд – Газли шоҳ”, “И.Каримов-Б.Нақшбанд”, “И.Каримов-Ибн Сино” “М.Иқбол-Намозгоҳ”, “М.Иқбол-Навоий шоҳ”, “Навоий шоҳ – Қ.Муртазоев” кўчалари чорраҳаларида 9 та йўл ўтказгич қурилиши туфайли юқорида қайд этилган 7 та асосий ва унга ёндош бўлган бошқа кўчаларда тирбандликларни бартараф этиб, автотранспорт воситаларининг бетўхтов ҳаракатланишига имконият яратиш мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА