Бухоро давлат университети халқаро эътирофга эришди
Ўзбекистонда олий таълим тизимини халқаро стандартлар асосида модернизация қилиш, таълим сифати ва рақобатбардошлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Хусусан, мамлакат олий таълим муассасаларини дунё тан оладиган таълим мезонлари асосида ривожлантириш, халқаро рейтинг ва аккредитация жараёнларида фаол иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ана шундай муҳим ютуқлардан бири Бухоро давлат университетининг бакалавриат ва магистратура босқичидаги 16 та таълим дастури Германиянинг нуфузли халқаро аккредитация агентлиги томонидан муваффақиятли халқаро аккредитациядан ўтказилди. Университетга расмий аккредитация сертификатлари топширилди.

Аккредитация натижаларига кўра, мазкур таълим дастурларининг халқаро таълим стандартлари ва замонавий академик талабларга тўлиқ мувофиқ экани эътироф этилди. Шунингдек, аккредитациянинг амал қилиш муддати 2032 йил 30 сентябргача этиб белгилангани университет фаолиятига берилган юксак баҳодир.
Халқаро аккредитациядан Математика (бакалавриат, магистратура), Амалий математика (бакалавриат, магистратура), Физика (бакалавриат, магистратура), Кимё (бакалавриат, магистратура), Биология (бакалавриат, магистратура), Юриспруденция (бакалавриат), Иқтисодиёт (бакалавриат, магистратура), Бухгалтерия ҳисоби (бакалавриат, магистратура), Молия ва молиявий технологиялар (бакалавриат) таълим дастурлари ўтган.
Мазкур ютуқ университетда таълим жараёнларини халқаро талаблар асосида ташкил этиш, ўқув дастурларини мунтазам модернизация қилиш, ички сифат назорати тизимини такомиллаштириш ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириш борасида олиб борилган тизимли ишлар самараси эканини кўрсатади.

Айниқса, халқаро аккредитация университет битирувчиларининг дипломлари ва мутахассислик даражаларининг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш, хорижий олий таълим муассасалари билан академик ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда талабалар учун янги имкониятлар яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда мазкур университет нафақат мамлакат, балки халқаро таълим майдонида ҳам ўз нуфузини мустаҳкамлаб бормоқда. Университет жамоаси сифатли таълим, замонавий илм-фан ва инновацион ёндашувларни ривожлантириш орқали келгусида ҳам янги ютуқларга эришишни мақсад қилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири