Бурунди президенти ҳаётдан кўз юмди
Бурунди Республикаси раҳбари Пьер Нкурунзиза вафот этди.
Бурунди Республикаси раҳбари Пьер Нкурунзиза вафот этди. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати маълум қилган. 55 ёшли Нкурунзиза бир вақтлар маҳаллий хуту халқи вакилларидан шаклланган қуролли гуруҳларнинг собиқ бошлиғи эди. Кейинчалик сардор ўз гуруҳини партияга айлантирди ва мамлакат бошқарувини қўлга олиб, 15 йил Бурундида президентлик қилди. У ҳар доим миллатни Яратганнинг иродаси билан бошқараётганини таъкидларди. Фожианинг расмий сабаби сифатида юрак хуружи келтирилган.
Пьер Нкурунзиза 2005 йилда давлат тепасига келган, август ойида унинг навбатдаги президентлик муддати тугаши керак эди.
2020 йил 20 майда Бурундида сайловлар бўлиб ўтди. Нкурунзиза бу гал давлат раҳбарлигига ўз номзодини қўймади. Сайловда ҳукмрон партия - CNDD-FDD номзоди Эварист Ндайшиемие 68,72 фоиз овоз тўплаб, ғолиб чиқди.
Ўтган шанба Нкурунзиза ўзини ёмон ҳис қила бошлади ва уни мамлакат шарқидаги Карузи шаҳри клиникасига олиб боришди. Шифохонада собиқ президентнинг аҳволи бироз ўнглангандек бўлди, бироқ душанба куни бемор кескин оғирлашди. Афсуски, шундан сўнг реаниматологларнинг барча саъй-ҳаракатлари зое кетди.
Бурунди Конституцияси олий раҳбарлик лавозимига бир киши 5 йилдан икки мартадан кўп сайланишини ман этади. Шунга қарамасдан, 2015 йил Нкурунзиза учинчи бор президентликка ўз номзодини қўйишини эълон қилган. Бунга сабаб қилиб дастлабки муддатда уни халқ эмас, парламент сайлаганини рўкач қилган.
Мазкур қарор кўпчиликда норозилик уйғотди. Ҳатто, армия давлат тўнтаришини амалга оширишга ҳам уринди. Чиқишлар бостирилди. Ўшанда маълумотларга кўра, 1200 га яқин фуқаро ҳалок бўлган, 200 минг киши қўшни давлатларга қочиб ўтган.
Россия ва Хитой ўша воқеалар муносабати билан Франция томонидан Нкурунзизанинг ҳаракатларини қоралаб БМТ Хавфсизлик кенгашига киритилган резолюция лойиҳасини тўхтатган эди.
2018 йил машҳур сиёсатчи мамлакат конституциясини ўзгартирди, яъни президентлик муддатини 7 йилгача узайтириб, шу орқали лавозимида қолиш учун яна бир йўл очди. Яқинда эса кутилмаганда тўртинчи муддатга даъвогарлик қилмаслиги ҳақида баёнот бериб, шунчаки, "Ватанпарварликнинг олий доҳийси" унвонини қабул қилишини билдирди. Бошқача айтганда ўзидан кейинги ҳукумат тепасига келадиган шахслар ватанпарварликка дахлдор масалаларни у билан маслаҳатлашишлари шарт қилиб қўйилди.
Сўнгги ойларда тез-тез Нкурунзизани мамлакатда коронавирусга қарши кураш чораларини кўрмаётганликда айблаб чиқишаётган эди. Сабаби, у карантин чекловларини жорий этиш ўрнига Бурунди халқини ҳокими мутлақ асраши ҳақида жар солиш билан кифояланди.
Айрим манбалар хабарича, Нкурунзизанинг рафиқаси Covid-19 ташҳиси билан касалхонага тушган, бироқ собиқ президентнинг ўзи вирус юқтирган-юқтирмаганлиги хусусида маълумот берилмаган.
Пандемия энг авжига чиққан бир пайтда – жорий йилнинг 20 майида Бурундида бўлиб ўтган президент сайловларида Нкурунзиза томонидан тайёрланган унинг издоши Эваристе Ндаишимие ғолиб бўлди.
Шарқий Африкада жойлашган Бурунди Бельгиянинг собиқ мустамлакаси ҳисобланади, 9 миллиондан камроқ аҳолиси бор. Улар, асосан, насроний динининг турли мазҳабларига эътиқод қилувчи хутулардир. Мамлакатнинг тўғридан-тўғри денгизга чиқиш имконияти, кам миқдорда никель қазиб олинишини айтмаганда, айтарли табиий бойликлари ҳам йўқ. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Бурунди қашшоқлик даражаси бўйича дунёда охиридан 3-ўринни банд этган.