Бурса – Турк дунёсининг маданият пойтахти
Дунёда фақат иккита мамлакатнигина “Пойтахтлар юрти” дейиш мумкин. Улар Ўзбекистон ва Туркия. Мана шу иккита мамлакатнинг кўплаб шаҳарлари бир вақтлар йирик сулолаларнинг пойтахти бўлган. Туркиянинг пойтахт шаҳарларидан бири Бурса ҳисобланади.
Халқаро туркий маданий ташкилот “ТУРКСОЙ” томонидан 2012 йилдан бошлаб ҳар йили аъзо давлатларнинг машҳур ва тарихий шаҳарларини “Туркий дунё маданияти пойтахти”, деб эълон қилиш лойиҳаси мавжуд. Ҳозирги кунга қадар бу мақом Нур-Султон, Эскишеҳир, Қозон, Марв, Туркистон, Ўш ва Хива шаҳарларига берилган.
2021 йилнинг сентябрь ойида Хива шаҳрида бўлиб ўтган “ТУРКСОЙ” доимий кенгашининг 38-мажлисида Туркия шимолий-ғарбидаги Бурса шаҳри “Турк дунёси маданият пойтахти” сифатида эътироф этилди. Халқаро ташкилот ҳар бир "Туркий дунё маданияти пойтахти" деб танланган шаҳарда ташкилотга аъзо давлатларнинг санъати ва маданиятини очиб берувчи фотокўргазма ташкил этиш анъанасини йўлга қўйган. Шу сабабли ҳам Усмонийлар давлатининг илк пойтахти саналмиш Бурса шаҳри 2022 йил давомида кўплаб муҳим тадбирларга мезбонлик қилади.
Буюк тарихга эга бўлган мазкур шаҳарда ўз даврида ҳунармандчилик, амалий санъат, меъморчилик, илм-фан ривожланган. Айни дамда гўзал табиатга эга бўлмиш шаҳарда кўплаб меъморий дурдоналар сақланиб қолган.
Бу йил Бурсада Жаҳон кўчманчиларининг 4-ўйинлари, Туркий дунёнинг “Қорқут Ота” Иккинчи кинофестивали ва Турк дунёси Бешинчи спорт фестивали ўтказилиши режалаштирилган. Айни дамда минтақадаги туристик сектор вакиллари бир қанча халқаро кўргазмалар ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда. Шунингдек турк республикаларидан сайёҳлар оқимни кўпайтириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Бир сўз билан айтганда, Бурсани турк дунёсининг карнавал шаҳрига айлантириш мақсадида жиддий ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда Бурса аҳолиси бўйича Туркияда Истанбул, Анқара ва Измирдан сўнг тўртинчи ўринда туради. Экспорт салоҳияти бўйича учинчи ўринни эгаллаб турибди. “Султонлар шаҳри” бўлмиш Бурсада кўплаб турк султонларининг қабри ва 23 та музей бор. Шаҳар йил давомида сайёҳлар билан гавжум. Сайёҳлар шаҳардаги 33 та тарихий меҳмонхона ва бозорларга алоҳида ҳурмат билан қарайдилар. Шаҳарнинг ҳар бир кўчаси, биносида турк меъморчилиги ва тарихи кўзга яққол ташланади. Сиз ўзингизни вақт йўлагидан ўтаётгандек ҳис қиласиз.
Кўҳна тамаддун бешиги саналган Бурса Вифиния, Лидия, Форс, Рим, Византия, Салжуқийлар, Усмонийлар каби давлатларнинг бой тарихига гувоҳ бўлган. Бурса – муҳим савдо шаҳри. Бу ерда савдо юраги уриб туради. Ўтмишда Бурса Буюк ипак йўлининг якуний бекати бўлган эди. Бугунги кунда минтақа ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Шунингдек, Бурса ЮНЕСКОнинг ижодий шаҳарлари рўйхатидан ҳам ўрин олган.
Бурса атрофида 5200 йил муқаддам илк одамларнинг қароргоҳлари пайдо бўлган. Қадимда бу ерда Сиус шаҳри қад ростлаган. 202 йилда шаҳар номи Вифиния вилоятининг асосчиси бўлмиш Прусиас шарафига Прус дея ўзгартирилган. 395 йилдан 1326 йилга қадар Бурса Византия империяси таркибида бўлган. 1326 йилда шаҳарни турклар эгаллайди. 1326—1365 йилларда Бурса ёш Усмонийлар давлатининг пойтахти бўлди. Кейинчалик пойтахт Эдирне (Адрианопол)га кўчирилади, аммо Бурса ўзининг аҳамиятини йўқотмади. Шаҳар мамлакатнинг савдо ва маънавий пойтахти бўлиб қолаверди.
Усмонийлар давлатининг биринчи кумуш тангаси бўлмиш ақча айнан Бурсада зарб қилинган. 1402 йилда шаҳарга ўт қўйилди. Аммо Бурса қайта тикланди ва Константинопол эгаллагунга қадар мамлакатнинг асосий марказларидан бўлиб қолаверди. 1855 йил 28 февраль ва 11 апрель кунлари юз берган зилзила оқибатида шаҳарга жиддий зиён етди.
1923 йилда Туркия Республикаси эълон қилингач Бурса мамлакатнинг асосий саноат марказларидан бирига айланди. 1927 йилдан 2015 йилга қадар шаҳар аҳолиси 30 баробарга кўпайди. Яъни аҳоли сони 61 минг кишидан 1 миллион 800 минг нафарга етди.