Бунёдкорлик ишлари жадал давом этмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Давлатобод туманидаги Элобод маҳалласида аҳоли учун қулайлик яратиш, инфратузилмани янада яхшилаш мақсадида ички йўлларни таъмирлаш ва асфальтлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Маҳалланинг Маданият кўчасидаги умумий узунлиги 1,1 километр, Фаровон ҳаёт кўчаси ва Гулзор кўчасининг ҳар бири 0,6 километрдан 1,2 километр масофадаги ички йўллари замонавий технологиялар асосида асфальтланмоқда. Шу билан бир қаторда, "Боғ" маҳалла фуқаролар йиғинининг Ёшлик кўчасида 3,5 километр масофадаги ички йўлларни ҳам асфальтлаш ишлари режалаштирилган. Ҳозирда мазкур ҳудудда ер ишлари тўлиқ бажарилиб, йўл қурилишига тайёргарлик босқичига кирилди.
Мазкур жараён билан бир қаторда, маҳалла аҳолиси томонидан жамоавий ҳашар йўли билан лотоклар (ёмғир сувини оқизиш қувурлари) ўрнатилмоқда ҳамда хонадонларнинг фасад қисмларини таъмирлаш ишлари ҳам ташкил этилган.
[gallery-24432]
Ушбу ишлар доирасида йўл пойдеворини текислаш, қум-шағал ётқизиш, дренаж тизимини тартибга солиш ва якунда асфальт қопламаси ётқизиш каби жараёнлар олиб борилади.
Туманинг "Шишаки" маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Хушманзара кўчасида ҳам узунлиги 1,2 километр бўлган ички йўлларни асфальтлаш режалаштирилган.
Мазкур ҳудудларда аввалроқ ичимлик суви тармоғи тортилган бўлиб, ҳозирда тармоқнинг техник ҳолатини синовдан ўтказиш ва асфальтлаш ишларига тайёргарлик кўрилмоқда.
Шунингдек, Янги Наманган шаҳарчасида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Хусусан, лойиҳа доирасида замонавий инфратузилмалар, кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари ва йўл-транспорт тизимлари босқичма-босқич барпо этилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА