Бунёдкор маҳалласига сув келди
Президент топшириғи амалда
“Сув келтирган элда азиз”, деб бежиз айтилмаган. Наманган вилоятининг Янги Наманган туманидаги “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 43 йил деганда янги “Ёшлик” сув олиш иншооти фойдаланишга топширилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг февраль ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида Наманган шаҳри марказидан 18 километр олисда жойлашган ушбу маҳаллани ободонлаштириш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, ички йўлларни таъмирлаш сингари муаммоларни ҳал қилиш борасида топшириқлар берган эди.
1979 йилда Наманган тумани таркибида янги ўзлаштирилган, “Самарқанд” жамоа хўжалиги номи билан ташкил қилинган, ҳозирда “Бунёдкор” деб юритилаётган ушбу ҳудудда айниқса, чучук сув таъминоти энг оғир ва долзарб муаммоларидан бири бўлиб келаётганди.
Бу масалани ижобий ҳал этиш мақсадида, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ва Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан Янгиқўрғон туманининг Булоқбоши қишлоғидаги ер ости сув манбаларидан фойдаланган ҳолда, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Ўтган 1,5 йил давомида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари натижасида “Булоқбоши-Бунёдкор” тармоғи орқали илк маротаба сув узатилиши йўлга қўйилди. Ичимлик сув тизимларини қуриш объектига режа бўйича 170 км. ичимлик сув тармоқлари тортиш, "Булоқбоши" сув олиш иншооти 8-дона сув олиш қудуғидан ва 7,5 км. йиғувчи тармоқдан иборат, Булоқбоши ва Саховат маҳаллаларида сув тарқатиш иншооти таркибида икки дона 5000 м3 ҳовуз қурилди. Умуман олганда, жами 148 км. тармоқ тортиш ишлари бажарилиб, шунинг 33 километри магистрал, 115 километри ички тармоқлардир.
[gallery-9330]
Ичимлик сувини етказиб беришда табиий ландшафт қийинчиликларга дуч келувчи сувчилар учун энг оғир ҳудуд ҳисобланган Янги Наманган, Косонсой ва Янгиқўрғон туманларидаги 24 та маҳаллада яшовчи 43 минг аҳолига зилол сув кирса, яна 83 минг аҳолининг сув таъминоти яхшиланади.
– Тараққиёт стратегиясида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Наманган вилоятида биргина, 2022 йилда барча манбалар ҳисобидан 197,4 миллиард сўм маблағ эвазига оғир ҳудудларда 882,6 километр ичимлик сув тармоғи тортиш, 43 та иншоот қуриш ва реконструкция ишлари амалга оширилади, – дейди “Наманган сув таъминот” масъулияти чекланган жамияти раиси Илҳомжон Шеранов. – Юқоридаги ишларнинг амалга оширилиши натижасида, жорий йил якуни билан 57 та маҳаллада яшовчи 120 мингга яқин аҳоли хонадонларига илк бора ичимлик суви кириб боради. Қолаверса, 110 мингдан зиёд кишининг ичимлик суви таъминоти яхшиланишга эришилади.
Хусусан, “Ёшлик” сув иншоотидан “Мустақиллик” иншоотигача 9 км. узунлигида диаметри Д-500 мм. бўлган асосий тармоқ тортилиб, Бунёдкор ва Саховат маҳаллаларидаги 3,3 мингдан ортиқ хонадонларга жами 202,9 км. ички тармоқлар тортилиб, аҳоли хонадонларнинг кириш қисмларига ҳисоблагичлар ўрнатиш орқали сув тармоқларига улаш ишлари бажарилди.
Бугунги кунда мазкур лойиҳа доирасида, нафақат юқоридаги иккита ҳудуддаги 16 минг киши, қолаверса, Янги Наманган туманининг Мустақиллик 5 йиллиги, Ёшлик, Ахсикент, Меҳнатобод, Мингтерак, Тинчлик ва Оромгоҳ маҳаллаларидаги 43 мингдан ортиқ аҳоли ҳам тоза сувдан баҳраманд бўлади.
– Илгарилари асосан адирликлардан иборат бўлган бу ҳудудга кўчиб келганимизга 37 йил бўлди, ўтган вақт давомида ариқ, каналлардаги сувларни ичишга тўғри келган, зилол сув ичишга ташна эдик, – дейди Бунёдкор маҳалласининг “Янги Замон” кўчасида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Манзура Раҳматова. – Бугун тоза ва сифатли сув кела бошлади.
“Ёшлик” сув олиш иншоотининг очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти раиси Соҳиб Саифназаров, “Маънавият фестивали” ва “Маданият карвони” доирасида вилоятга келган маданият, санъат намояндалари иштирок этди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА