Бунда сабоқ ҳам, мароқ ҳам бор
Маънавият – шунчаки сўз эмас.
Маънавият – шунчаки сўз эмас. У руҳан покланиш, қалбан улғайишдек улуғворликни бахш этади инсонга. Шу орқали аждодларни авлодларга, ўтмишни бугунга, бугунни эса келажакка боғлайди. Бу юртимизнинг барча жойларида кўтаринки руҳда ўтказиб келинаётган “Маънавият фестивали” да ҳам ёрқин намоён бўлмоқда.
Андижон вилоятида ҳам мазкур фестиваль маърифий суҳбатлар, мароқли учрашувлар, маънавий сабоқлар билан қизғин тарзда бўлиб ўтди.
Андижон темир йўл вокзалида фестиваль иштирокчилари тантанали кутиб олинди. Шундан сўнг фестивалнинг ўтказилишига оид матбуот анжумани ўтказилди. Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази ходимлари, ҳудудий бўлим раҳбарлари, тарғиботчилар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди. Анжуманда фестиваль доирасида ўтказилиши кутилаётган лойиҳалар, конференциялар, маънавий-маърифий тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Фестиваль доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази "Маърифат" тарғиботчилар жамияти аъзолари, ижодкор зиёлилар иштирокида Андижон шаҳридаги “Болалар шаҳарчаси” таълим муассасаси тарбияланувчилари учун маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.
Тадбирда маънавиятнинг маъно-моҳияти, миллий маънавиятимизнинг қадимий илдизлари, ноёб ва бетакрор намуналари, бугунги кундаги ривожланиш тамойиллари ҳақида сўз юритилди.
Жумладан, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Доно Бобохонова, Барно Қодирова ҳамда “Дўстик” ордени соҳибаси Муҳаббат Абдуллева болажонларга илму ҳунарли бўлишнинг аҳамияти, китоб мутолааси завқи ва фазилатлари ҳақида сўзлаб берди.
Бир сўз билан айтганда, “Маънавият фестивали”да сабоқ ҳам, мароқ ҳам уйғун бўлди.
