Булғор қалампирининг нархи қачон барқарорлашади?
Ранг-баранглиги билан кўзни қувонтирувчи булғор қалампири қон томирларини мустаҳкамлайди, ортиқча холестеринни йўқотади. Сабзавот – С витаминига сероб. Маҳсулот таркибидаги В, РР ва А витаминлари иммунитетни яхшилайди. Улар организмдаги эркин радикалларни нейтраллаштиради. Бу эса онкологик касалликлар профилактикасида муҳимдир.
Юртимиз бозорларида сариқ ва қизил иссиқхона ширин (булғор) қалампирининг улгуржи нархлари кескин ошиб кетиши ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Ўрганишлар натижасида, жорий йилнинг 24 мартидан 31 мартигача Ўзбекистонда иссиқхона сариқ булғор қалампирининг 1 килограмми улгуржи нархда ўртача 58 минг сўмдан 78 минг сўмгача сотилгани, бир ҳафта ичида 34 фоизга ошгани аниқланган. Пойтахтимизнинг «Юнусобод» ва «Эски Жува» деҳқон бозорларида сотувчилар аввалги йилларда булғор қалампирининг нархи бунчалик юқори бўлмаганини ва бу йилги ҳолат январь ойида республикамизда кузатилган кескин совуқ билан боғлиқлигини таъкидлаган.
Хўш, бугун мамлакатимизда иссиқхоналарда қанча булғор қалампири етиштирилмоқда? Жорий йилда ушбу маҳсулот билан аҳоли эҳтиёжини қондириш имконияти етарлими? Булғор қалампирининг нархи қачон барқарорлашади?
Шу каби саволлар юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигининг Иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш бўлими бошлиғи Шавкат Азизов қуйидагиларни маълум қилди.
– Бугунги кунда республикада 3 минг 188 та иссиқхона хўжалиги томонидан жами 6 минг 300 гектар майдонда булғор қалампири етиштирилмоқда, – дейди Ш.Азизов. – Жорий йилда иссиқхона хўжаликларида 500 гектарга яқин ер майдонида ширин булғор қалампирлари экилган. Айни кунларда бозорлардаги ушбу маҳсулот нархининг кўтарилиш сабабларидан бири, январь ойида кескин совуқ бўлгани ва ўсимликнинг вегетация даврида етарли даражада иссиқлик билан таъминланмагани бўлиб, сабзавот кескин совуқ таъсирида стрессга тушган. Натижада етиштириш даври 20-25 кунга кечикган. Ҳозирда мамлакатимиздаги иссиқхоналарда аҳоли эҳтиёжини қондириш, ички бозорларни таъминлаш учун етарли миқдорда булғор қалампирлари етиштирилмоқда. Апрель ойининг иккинчи ярмида булғор қалампирининг нархи барқарорлашиши кутилмоқда.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, иссиқхоналарда булғор қалампирларини етиштириш 20 даража иссиқликни талаб қилади. Агар ҳарорат бундан пасайиб кетса, булғор қалампирлари стрессга тушиб, унинг ривожланиши секинлашади. Мазкур сабзовот тури иссиқликни севади. Совуқ об-ҳаво шароитида иссиқхонада булғор қалампирини етиштиш бир мунча мураккаб жараёнларни келтириб чиқаради.
Булғор қалампири иссиқхонада етиштирилганда ундан икки маротаба ҳосил олиш мумкин. Унинг кўчати январь ойида экилса, август ойига бориб, новдаси синдирилади ва иккинчи маротаба ҳосил етиштирилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА