Бухорода инновацион трактор яратилди
Двигатель қуввати 152 от кучини ташкил қилади. Трактор 4 та биогаз баллонлари билан жиҳозланган.
Бухоро давлат университетидан ташкил этилган “Бухоро вилоятининг инновацион ривожлантириш: муаммолар ва ечимлар” республика илмий-амалий конференцияси давомида иштирокчилар Жондор туманида яратилган тракторни кўздан кечирди.
Трактор академик Оқил Салимов раҳбарлигидаги Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти “Тракторлар ва автомобиллар” кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамда жондорлик Шаҳоб Қорёғдиев, Шуҳрат Сувонов томонидан ишлаб чиқилган.

Тракторга осма ва ғилдиракли тракторларда аввал қўлланилмаган янги типдаги демпфирловчи юмшоқ қурилма ўрнатилган, у тракторнинг иш вақтида тебранишларини 7-8 бараварга камайтириш имконини беради.
Двигатель қуввати 152 от кучини ташкил қилади. Трактор 4 та биогаз баллонлари билан жиҳозланган. Техниканинг асосий хусусиятларидан яна бири, шу турдаги тракторлар билан таққослаганда сарфланадиган углеводородли ёнилғини 2 бараварга тежайди.

Тракторнинг барча ғилдираклари етакчи қилиб тайёрланган, умумий оғирлиги эса 3 минг 200 килограмм. Бу оғирлиги 10 тоннадан ортиқ бўлган тракторлар каби тупроқни зичланишига салбий таъсир кўрсатмайди.
Ихтирочилар тракторни белгиланган тартибда патентлашга муваффақ бўлган.
Инновацион ривожланиш вазирлиги
Ахборот хизмати.