Бугун Озарбайжонда Зафар куни нишонланмоқда
2020 йилнинг 8 ноябрь санаси замонавий Озарбайжон тарихида муҳим ўрин тутади.
Ўша куни Озарбайжон армияси Қорабоғни қайтариб олди. Бу ҳудудлар қарийб 30 йил ишғол остида бўлган эди. 44 кунлик уруш якунида Қорабоғдаги 5 та шаҳар, 4 та посёлка ҳамда 286 та қишлоқ яна Озарбайжон тасарруфига ўтди. Шу тариқа мамлакат ҳудудий яхлитлиги тикланди. Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиевнинг фармони билан Қорабоғнинг бош кенти Шуша шаҳри озод қилинган 8 ноябрь Ғалаба (Зафар) куни сифатида белгиланди ва ҳар йили тантанали нишонланадиган бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 ноябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида Озарбайжон Президенти давлатимиз раҳбарини мамлакатимизда ўтган Президент сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан самимий қутлаб, Ўзбекистон халқининг фаровонлиги ва равнақини таъминлаш борасидаги фаолиятига катта муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев Озарбайжон раҳбари ва биродар халқини миллий байрам – Ғалаба куни билан самимий муборакбод этиб, тинчлик-осойишталик ва бардавом тараққиёт тилакларини изҳор этди.
Сентябрь ойида Озарбайжон Республикаси Президенти администрацияси хорижлик журналистлар учун Қорабоғ ўлкасига медиа-тур уюштирди. Пресс-Турда иштирок этар эканман, беихтиёр Эркин Воҳидовнинг «Инсон» қасидасини, ундаги «мамлакатга мамлакат, миллатга миллат бўлса қасд, қилғувчи сўнг оқибат армон ўзинг, афғон ўзинг» деган сатрларни эсладим.
26 сентябрь эрта тонгда Бакудан Шуша томон йўлга чиқдик. Йўл юриб, йўл юрсак ҳам мўл юриб 12 соатда Шуша шаҳрига келдик. Аслида олти соатлик йўл. Биз йўл-йўлакай миналардан тозалаш жараёни билан танишдик.
ANAMA (Озарбайжон ҳудудларни миналардан тозалаш агентлиги) ходимлари ОАВ вакилларига озод қилинган худудларни миналардан тозалаш жараёнлари ҳақида гапириб бердилар. Шунингдек, журналистларга миналарни кўргазмали портлатишни намойиш қилдилар. Айтиш керакки, бугунги кунда озод қилинган ҳудудларда қайта тиклаш ишларининг бошланишига айнан миналар халақит бермоқда. Шу сабабли ҳам ҳукумкат олдида озод қилинган ҳудудларни миналардан тозалаш ва фуқароларни ўз уйларига қайтаришдек вазифалар тургани қайд қилинди.
Шундан сўнг, харобага айланган Жаброил туманига ва туман марказига бордик. Шу ўринда биз қисқа муддатларда қуриб фойдаланишга топширилган «Зафар йўли»дан эмас, балки афгор ҳолдаги эски йўлдан юрганимизни айтиб ўтмоқчиман. Бироқ, мана шу йўл четида халқаро талабларга жавоб берадиган йўл қурилиши давом этаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Бизларга айтишларича, айни дамда озод қилинган ҳудудларда 13 та йўналиш бўйича йўл қурилаётган экан.
Жаброилда уйлар бузилган, ҳатто қабристонлар текисланган, ёндирилган. Бирорта ҳам бино қолмаган. Энг қизиғи бинолар ёндирилмаган, балки одамлар ташлаб кетган уйлар атайлаб бузилган. Эшик, деразалар, ёғочлар қурилиш материалари сифатида олиб кетилган. Айни дамда Жаброил арвоҳ шаҳарга айланган. Унда одамлар яшамайди.
2020 йилнинг 17 октябрь куни Озарбайжон Қуролли кучлари Фузулий шаҳрини ўз назоратига олган эди. Ўша йилнинг 26 ноябрь куни Транспорт, алоқа ва юқори технологиялар вазирлиги ICAO Озарбайжон Фуқаро авиациясининг 6 та, жумладан Фузулий аэропортини халқаро жойлашувлар индекси катологига киритиш борасидаги мурожаатини қаноатлантиргани борасида маълум қилди.
2021 йилнинг январида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Фузулий шаҳрида халқаро аэропорт қуриш тўғрисида қарор қабул қилди. 14 январь куни янги аэропортнинг тамал тоши қўйилди. Шу йилнинг 5 сентябрь куни Фузулий аэропортига "Silk Way Airlines" авиакомпаниясига тегишли "Boeing 747-400" юк самолёти келиб қўнди.
Орадан кўп ўтмай аэропортга "Azerbaijan Airlines" авиакомпаниясига тегишли "Airbus A340" (номи «Қорабоғ») самолёти учиб келди. Йўловчи самолёти Қорабоғ ўлкасига келаётган журналистларни олиб келди.
Биз ҳам Фузулий аэропорти билан яқиндан танишдик ва Шушага йўлимизни давом эттирдик.
Шу ўринда 26 октябрь куни Қорабоғнинг Фузули шаҳрида янги аэропорт расман ишга туширилганини таъкидлаб ўтиш керак. Аэропортни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон очиб берди. Эрдўғоннинг самолёти Бакуга эмас, тўғридан-тўғри Фузулий аэропортига қўнди. Шу тариқа Туркия етакчиси Фузул аэропортига борган илк давлат раҳбари бўлди. Алиев ва Эрдўған тасмани кесиб, аэропортни очиб берди. Уларга Фузули халқаро аэропортининг рамзий калитлари топширилди. Шундан сўнг, Озарбайжон ва Туркия Президентлари аэропортдаги шароитлар билан танишди.
27 сентябрь куни Озарбайжонда шаҳидлар ёдга олинди ва ҳарбий ҳурмат бажо келтирилди. Ўтган йилнинг 2 декабрь куни президент томонидан қабул қилинган фармойишга кўра, ҳар йили 27 сентябрь Озарбайжонда Хотира куни сифатида нишонланадиган бўлди. Мамлакатнинг барча ибодатхоналари(масжид, черков)да соат 9:00да шаҳидлар ёдга олинди. Жумладан бу каби тадбирлар қадимий Шушада ҳам бўлиб ўтди(шаҳарда қурилиш ишлари авжида, асосан ҳарбийларни ва қурувчиларни учратиш мумкин).
Шушадаги Юхары Говхараг жоме масжидида шаҳидлар ҳақига дуо қилинди. Соат 10:00да Озарбайжон президенти, Қуролли кучлар бош қўмондони Илҳом Алиев миллатга мурожаат билан чиқди. У ўз мурожаатида роппа роса бир йил аввал бошлаган уруш 44 кун давом этганини, ҳамда Озарбайжон армияси жасорати билан бу жангда зафар қучилганини айтди. «Шаҳидлар юрагимизда абадий қолади» деди Илҳом Алиев. Унинг айтишича, Бакуда Ватан уруши мажмуаси ва Зафар музейи қурилади.
«Иккинчи Қорабоғ уруш бизнинг шонли тарихимиз», деди Озарбайжон раҳбари. У адолат ва халқаро ҳуқуқ қарор топганини таъкидлаб ўтар экан, «биз миллий қадриятимизни тикладик», деди. «Бугун озарбайжон халқи ғолиб халқ сифатида, Озарбайжон давлати ғолиб давлат сифатида яшамоқда. Эндиликда биз ғолиб халқ, ғолиб давлат сифатида яшаймиз», деди Илҳом Алиев.
Унинг айтишича, Озарбайжонда эндиликда «Тоғли Қорабоғ» деган маъмурий ҳудуд йўқ. Президент ўз мурожаатида босқинчилар томонидан шаҳар ва қишлоқлар, тарихий ёдгорликлар бузиб ташланганини, таҳқирланганини маълум қилди. Қорабоғдаги 67 та масжиддан 65 таси бутунлай бузиб ташланди.
Илҳом Алиев озод қилинган ҳудудларда қайта тиклаш ва бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда олиб борилаётганини таъкидлар экан, қисқа фурсатларда одамларни ўз уйларига қайтариш муҳим вазифалардан эканлигини эслатиб ўтди.
У ўз сўзини ғалабанинг ажралмас қисми бўлган «Қорабоғ бизники! Қорабоғ– бу Озарбайжон!» деган сўзлар билан якунлади.
Соат 12:00да мамлакат бўйлаб, жумладан Шуша шаҳрида ҳам транспорт ҳаракатлари тўхтатилди, бир дақиқа сукут сақланди ва ҳарбий парад ўтказилди.
Тадбирлар тугагач, Шушадан Бакуга қайтдик. Қайтишда «Зафар йўли»дан келдик. Бир нарсага амин бўлдим-ки, Озарбайжон ғалабага узоқ тайёргарлик кўргани аниқ бўлди. «Зафар йўли»ни қуриш учун узоқ йиллар давомида лойиҳа устида иш олиб борилгани бор гап. Йўллар теп-текис. Айтишларича, 2021 йилнинг биринчи ярим йилида Қорабоғда тикланиш ишлари учун 269 миллион манат (158 миллион доллар), жумладан Фузулийда 75 миллион манат (44 миллион доллар) сарфланган. Аммо ён атрофдаги қишлоқларнинг вайрон этилгани, экинзорларнинг қақраб ётгани одамнинг кўнглини хижил қилади. Беихтиёр яна «Инсон» қасидаси, ундаги «Собиту сайёрада инсон ўзинг, инсон ўзинг. Мулки олам ичра бир ҳоқон ўзинг, султон ўзинг» деган сатрлар ёдга тушади.
Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА