Бугун Халқаро йўқолган болалар куни нишонланмоқда
Одатда одамлар яхши кунларни нишонлашади. Бундай кунлар хоҳ оилада бўлсин, ҳоҳ халқ орасида, байрамга айланади. Минг афсуски, шундай кунлар ҳам бўладики, бу кунлар қайғу, хавотир, қўрқув билан эсланади. Чунки шу йўл билан халқаро ҳамжамиятни хавотирга солаётган муаммога янада кенгроқ эътибор қаратилади. Бу кун барчани ҳушёрликка чорлайди. Ана шундай кунларнинг бири 25 май – Халқаро йўқолган болалар куни (International Missing Children Day).
Йўқолган болалар кунини нишонлаш ғояси илк бор АҚШда пайдо бўлган. 1979 йил 25 май куни мактабга кетаётган 6 ёшли америкалик Итан Патц йўлда йўқолиб қолади, уни топиб бўлмади. Орадан тўрт йил ўтиб, яъни, 1983 йилда АҚШ президенти Рональд Рейган 25 майни йўқолган болалар Миллий куни деб эълон қилди.

1984 йилда АҚШда йўқолган ва эксплуатация қилинаётган болаларни қидириш Миллий марказига (National Center for Missing and Exploited Children, NCMEC) асос солинди.
Америка ташаббуси Европа ҳамжамияти томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. 1998 йилда йўқолган ва эксплуатация қилинаётган болаларни қидириш Халқаро маркази ташкил этилди (ICMEC), Марказнинг расмий очилиши 1999 йил апрель ойида бўлиб ўтди.
1998 йилда ICMEC ташаббуси билан йўқолган болаларни қидириш Марказларининг глобал тармоғи (GMCN) яратилди. Тармоқ базасида дунё бўйича йўқолган болаларнинг фотосуратлари ва у ҳақдаги маълумотлари турли тилларда сақланади. Ҳозирда GMCN ташкилотига 30 та мамлакат аъзо.
Йўқолган ва эксплуатация қилинаётган болалар Халқаро марказининг саъй-ҳаракати билан 2001 йил 25 майда илк бор Халқаро йўқолган болалар кунини нишонлади.

Халқаро бедарак йўқолган болалар куни тадбирларининг мақсади жамоатчилик эътиборини болаларни ўғирлаш, оғир ҳаётий вазиятлар ва ноқонуний эксплуатациядан ҳимоя қилиш муаммосига қаратишдан иборат.
Йўқолган ва эксплуатация қилинган болаларни қидириш халқаро маркази (ИCМЕC)нинг турли мамлакатлар расмийлари томонидан тақдим этилган статистик маълумотларга асосланиб тайёрлаган ҳисоботига кўра, Канадада 2022 йилда 30 минг 840 нафар бола бедарак кетган, Жанубий Кореяда 2022 йилда 26 минг 416 нафар болани топишнинг имкони бўлмади. АҚШда 2021 йилда 359 минг 94 нафар бола йўқолгани қайд этилган, Италияда 2021 йилда 12 минг 117 нафар вояга етмаган бола бедарак йўқолган, Германияда 83,9 минг, Австралияда 34 минг нафар 18 ёшгача бўлган болаларнинг дараги топилмади. Францияда 2021 йилда полиция ва жандармерия йўқолган болалар ҳақида 43 минг 870 та хабар олган. Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг тасдиқлашига кўра, мамлакатда ҳар йили 40 мингга яқин бола йўқолади.
Россиялик мутахассисларнинг фикрича, мамлакатда болаларнинг йўқолиши ҳолатларининг атиги 10 фоизи жиноятлар ёки бахтсиз ҳодисалар билан боғлиқ, кўпинча улар ўзлари уйдан ёки болалар боғчасидан қочиб кетишади.
Мутахассислар болаларнинг ғойиб бўлишида мавсумийликни ажратиб кўрсатишмайди, лекин ёзда йўқотиш табиий муҳитда, сув бўйида дам олиш пайтида ва йилнинг бошқа вақтларида, шаҳарларда содир бўлишини таъкидлашади.
Йўқолган бола билан учрашган тақдирда, мутахассислар қариндошларнинг алоқаларини аниқлаштиришни, полицияни чақиришни ва ҳеч қачон болани ўзи билан олиб кетмасликни тавсия қилади.
Бундан ташқари, мутахассислар номаълум шахслар қандай қилиб бировнинг боласини олиб кетаётгани ёки олиб кетаётганини кўрган одам нима қилиш кераклиги ҳақида тавсиялар ишлаб чиққан. Нотаниш одам бола етаклаб кетаётган бўлса, болага “Сенга ёрдам керакми? Бу одамни танийсанми?” қабилида саволлар бериш керак ва унинг жавобини баҳолаш керак. Ҳодиса ҳақида зудлик билан тегишли идора ходимларига хабар бериш зарур бўлади. Агар бирор киши болани ташлаб қочиб кетган бўлса, у қаерга қочиб кетганини, унинг махсус белгиларини ва фотосуратга киритилмаган кийим тафсилотларини эслаб қолиш керак, дейди мутахассислар.
ЎзА