Бугун: газеталарни варақлаганда...
Бугунги газеталарни ўқинг!
“Янги Ўзбекистон”нинг бугунги сонида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифининг иккинчи куни тафсилотларига бағишланган шарҳ берилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 22 октябрь куни Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси Бақитжан Сағинтаев ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеяси раиси Пере Жоан Понс Сампьетронни қабул қилгани тўғрисида хабар беради. “Логистика – дунёга очилиш йўли” таҳлилий мақоласида кўтарилган масалалар ўқувчини бефарқ қолдирмайди. – Денгизга бевосита чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистон учун ташқи бозорларни очиш, юкларнинг ҳаракатланиш муддати ва харажатини қисқартириш, аввало, қўшни давлатлар билан чегарадан ўтиш жараёнларининг самарадорлиги ва ўзаро транспорт боғлиқлигини таъминлашга бевосита боғлиқ, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Илҳом Маҳкамов. Мақолани албатта, ўқинг. “Муштарак манфаатлар, инвестиция ва иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари”, “Шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашдаги стратегик қадам”, “Ёш авлодни эртанги кунга тайёрлаш”, “Бахтиёр болаликдан бошланар ёрқин келажак”, ”Донишманд устознинг маърифат маёғи”, “Ўқитувчининг юксак қадри” каби мақолаларда янгиланаётган жамият манзаралари ва янги давр нафасини ҳис қиласиз.
“Халқ сўзи” ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига қилган сафари тафсилотларини ёритишга алоҳида эътибор қаратган. Бу ҳақда “Бунёдкорлик руҳи Қашқадарёнинг янги қиёфасини яратмоқда” саҳифаси орқали хабардор бўлишингиз мумкин. Мақолада давлат раҳбарининг “Вилоятнинг шаҳар ва туманларида, маҳаллаларида бўлган ўзгаришларни, тадбиркор, инвестор, ёшларнинг кўзларидаги шижоатни кўриб, жуда катта куч олим” деган сўзларига урғу берилган. Шунингдек, газета Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 22 октябрь куни Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси Бақитжан Сағинтаевни ҳамда мамлакатимизда амалий ташриф билан келган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеяси раиси Пере Жоан Понс Сампьетронни қабул қилгани тўғрисида ҳам хабар берган. “Самарқанд декларацияси – болалар саодати йўлидаги тарихий ҳужжат”, “Ўзбекистон – ЕХҲТ: Парламентлараро муносабатлар ривожланмоқда”, “Ўқувчилар саломатлиги – сифатли таълим кафолати”, “Меҳнат миграцияси бўйича долзарб масалалар муҳокамаси”, “Инсон қадри, фаровон ҳаёт ва имкониятлар мезони”, “Миллат руҳининг қаноти” каби мақолалар, саҳифаларда инсон омили, ислоҳотлар, бугунги ютуқлар – ҳаёт ҳақиқатлари акс этган.
“Jadid”нинг бугунги сони Маҳмуд Қошғарий бобомизнинг машҳур “Девону луғатит турк” асари муқаддимасида битилган ушбу сўзлари билан бошланган: “Булар (туркийлар)га яқин бўлиш учун энг асосий йўл – уларнинг тилларида сўзлашишдир, чунки улар бу тилда сўзлашувчиларга яхши қулоқ соладилар, ўзларини яқин тутадилар, уларга зарар бермайдилар. Ҳатто улар ўз паноҳида турган бошқаларнинг гуноҳини ҳам кечиб юборадилар”... Газета бош муҳаррири, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг “Ўзимизнинг Ўз ғоямиз” номли мақоласини, албатта, ўқинг. “Эҳтиром амалда кўринсин”, Битирувчи портрети”, “Тил ва келажак”, “Оғзибирчилик воситаси”, “Миллат шарафи ҳимоячиси”, “Икки Саъдулланинг бир тақдири”, “Яхшилар бор яхшимям...” каби мақолаларда инсон ва жамият уйғунлиги, олам ва одам, жадидлар нафаси акс этган. Баҳодир Исонинг “Юртим, қандай севмайин сени?” манзумаси қалбингизда акс-садо бериб туради:
Ота бўлиб силадинг бошим,
Онам бўлиб бердинг оппоқ сут.
Осмонимда бўлиб қуёшим,
Эркалатдинг доим, она юрт.
Шундай севиб турсанг сен мени,
Юртим, қандай севмайин сени?..
Остонангдан бир қадам жилсам,
Соғинчларга тўлади жоним.
Сен экансан мен энди билсам,
Танмда жон, Ўзбекистоним!
Жондай севиб турсанг сен мени,
Юртим, қандай севмайин сени?
“Адолат” “Алифбо ўзгарди” саҳифаси билан бошланади. – Ташвишланишга эмас, мамнун бўлишга асослар керагидан ортиқ, деб ёзади муаллиф. Одатда алифбо ислоҳоти ҳақида гап кетганда, кўпчиликни биринчи навбатда унинг кундалик ҳаётга таъсири қизиқтиради. Ба гал ҳам шундай бўлди. Ижтимоий тармоқлар чек-чегарасиз саволлар билан “портлади”.
Энди барча ҳужжатларимизни алмаштиришимиз керакми?
Қўлимиздаги пуллар нима бўлади?
Аввал расмийлаштирилган шартномалар ва бошқа ҳужжатлар амал қилаверадими?
Кўчалардаги пешлавҳа ва кўрсаткичлар қачон ўзгаради?..
Мақолада ушбу саволларга аниқ жавоблар берилган. “Сўзимизда, онгимизда, виждонимизда”, “Прокурорлар ҳам китобхон бўлсса...”, “Янги Ўзбекистонга бўлган ишонч иқтисодий қудратга айланмоқда” каби мақолаларда инсон ва жамият такомилида китобнинг роли, янгиланаётган Ўзбекистон ва унинг истиқболи ҳақида сўз боради.
А.Нарзуллоев, ЎзА